Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг ўттиз иккинчи мажлиси тўғрисида ахборот
2018-04-06 | ШҲТ
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 апрель куни Қирғизистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг ўттиз иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Мажлисда ШҲТга аъзо давлатларнинг 2019-2021 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда ШҲТ МАТТ Кенгашининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашига ШҲТ МАТТнинг 2017 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи лойиҳалари маъқулланди.
ШҲТга аъзо давлатларнинг 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда ШҲТ МАТТ қарорларининг 2017 йилдаги ижроси, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудидаги озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган шахсларни террористик ва экстремистик ташкилотларга жалб этишга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм мақсадларида интернет тармоғидан фойдаланишни аниқлаш ҳамда унга чек қўйиш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг "Сямин – 2017" қўшма аксилтеррор ўқув машғулоти якунлари маъқулланди. 2018 йилда ШҲТга аъзо давлатларнинг қўшма чегара операциясини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ШҲТга аъзо давлатларга халқаро террористик ташкилотлар томонидан бўлаётган таҳдидлар муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан келишувларга эришилди.
Терроризмга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ШҲТ МАТТ ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижрочи директори ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар лойиҳалари маъқулланди.
2018 йилнинг тўртинчи чорагида ШҲТга аъзо давлатлар ва ШҲТ ҳузурида кузатувчи мамлакатлар ўртасида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик масаласига бағишланган олтинчи илмий-амалий конференция ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.
ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун мазкур давлатлар ваколатли органларининг қатор ходимлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари ШҲТ МАТТ Кенгаши ёрлиғи ва эсдалик нишони билан тақдирланди.
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий, кадрлар ва молиявий жиҳатдан таъминлашга доир масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлисини 2018 йил октябрь ойида Қирғизистон Республикаси ҳудудида ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Кенгаш мажлиси ишчанлик, амалий ва дўстона руҳда ўтди.
Манба: ЎзА