Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сайёҳлар оқими тобора ортиб бораётган бугунги кунда давлатимиз чегаралари қатъий назорат остида

2018-04-06 | Жамият

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан давлатимиз чегаралари худудлари бўйлаб пресс-тур ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад, чегарачиларнинг халқимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги машаққатли хизматини кенг жамоатчиликка етказишдир.

Пресс-тур дастуридан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги тарихи музейи билан танишиш ҳам ўрин олди. Журналистлар, шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг чегара назорати пунктлари ҳамда Қозоғистон билан чегарада жойлашган “Ғишткўприк” пункти ва Термиз дарё портида бўлди. 

2017 йилда 22 миллиондан ортиқ фуқаро чегара назорати пунктларидан ўтган, уларнинг 7 миллионга яқини чет эл фуқароларидир. Ушбу пунктларда 920 мингдан зиёд транспорт воситаси, жумладан, 400 мингдан ортиқ чет эл транспорт воситалари текширувдан ўтказилган. 

Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам Ўзбекистон, ҳам чет эл фуқароларининг мамлакатимизга келиб-кетиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортгани кузатилмоқда. 

Ўтган йили 32 миллиард сўмлик қийматдаги моддий бойликлар мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кирилиши ва юртимиздан олиб чиқиб кетилишининг олди олинган, 48,971 килограмм гиёҳванд модда, 285 дона қурол-яроғ, 1 миллион 880 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта ушлаб қолинган. 

Бугунги кунда юртимизда 69 та кириш ва чиқиш чегара назорати пункти мавжуд бўлиб, уларнинг 49 таси халқаро, 14 таси икки томонлама, 6 таси соддалаштирилган назорат тартибига эга чегара назорати пунктларидир. Чегара назорати пунктларининг 38 таси автомобиль йўлларида, 18 таси темир йўллар, 12 таси аэропортлар ва биттаси дарё портида жойлашган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом ҳамда 2018 – 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларини техник воситалар билан жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланган. 

Масалан, пойтахтимиз аэропорти ҳар ҳафта, чартер рейсларни ҳисобга олмаганда, 155 мунтазам авиарейсларни қабул қилади. Йўловчиларнинг паспортини текширувчи назоратчилар икки сменада ишлайди, 50 иш ўрни мавжуд. 

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, дунёнинг 39 мамлакати билан визасиз тартиб жорий этилди, туристик фирмалар учун катта солиқ имтиёзлари яратилди. Бу эса, мамлакатимиз янада кўп сайёҳ қабул қилишга тайёр эканини билдиради. Пойтахт аэропортига ташрифимиз чоғида мазкур жараёнга пухта тайёргарлик олиб борилаётганига ишонч ҳосил қилдик. 

Хусусан, маҳаллий йўналишларга хизмат қилган собиқ аэропорт биносида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда, ишлар якунлангач, бу ерда авиайўловчилар паспортини текшириш бўйича 24 иш ўрни яратилади. 

Биз Москвадан келган йўловчилардан бирини суҳбатга тортдик. 

– Илгари паспорт назоратидан ўтиш ва юкимизни олиш учун кўп кутиб қолар эдик, – дейди шаҳрисабзлик Улуғбек Маҳмудов. – Тошкент аэропорти биносида қўшимча назорат кабиналари ташкил этилганидан сўнг аҳвол анча яхшиланди. Хорижий меҳмонларга ҳам бу манзур бўлмоқда. 

Чегерадан ўтишда автомобиль йўлидаги “Ғишткўприк” чегара назорат пунктидан фойдаланаётганлар ҳам соҳадаги ўзгаришларни кенг эътироф этмоқда. Чимкентга узатган қизиникига бориб қайтаётган самаркандлик Эшмамат Раҳимов “Ғишткўприк” чегара назорат пункти бўлган ўзгаришлардан мамнунлигини билдирди. 

– Чегарадан ўтиш жараёнлари сезиларли даражада соддалашгани учун Президентимиздан миннатдорман, – дейди оқсоқол. – Ўзаро мулоқот, маданий алоқалар учун шундай ажойиб имкониятлар яратилаётганидан бутун халқимиз хурсанд. 

Шундан сўнг Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий-транспорт самолёти ОАВ вакилларини Термиз шаҳрига етказди. Бу ерда биз Афғонистон билан чегарани қўриқлаш тартиби билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Журналистларга хизмат итлари ёрдамида шартли чегарабузарларни ушлаш, дарё чегарасини жанговар катерлар ёрдамида қўриқлаш, чегарани қўриқлашда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш, дарё портида чегарадан ўтиш тартиби намойиш этилди. 

Сафар якунида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Чегара қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Қосимов журналистларга эсдалик совғалари топширди. 
 

Аблай Камолов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться