Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-04-05 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3652-сон қарори

Ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга бўлган, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг муносиб ўрни бор. Мустабид тузум давридаги турли мафкуравий тазйиқларга қарамасдан, ушбу ижодий уюшма миллатимизнинг руҳи бўлган она тилимиз, азалий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, сўз санъаткорларини бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида катта ишларни амалга оширди.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида “Ижод” жамоат фонди тузилди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адибларимиз номлари билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари бунёд қилинмоқда. Адабиётимиз атоқли намояндаларининг юбилей саналари муносиб нишонланмоқда, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Айни вақтда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган асосий вазифаларни, жумладан, “Давлат – маънавиятнинг бош ҳомийси”, деган устувор тамойилни ҳаётга изчил жорий қилиш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида: 

1. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ижодий жамоатчиликнинг:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг (кейинги ўринларда – Уюшма деб аталади) жамиятимизда миллий ғоя, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш;

Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш;

Уюшманинг обрў-эътибори ва юксак мақомини муносиб сақлаш, унинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида ушбу ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш; 

катта истеъдод ва юксак гражданлик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;
ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш;

ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириш, бу ноёб меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олий органи – Конференциясининг Уюшманинг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирдаги Низомини тасдиқлаш, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларига қўшимча штатлар ажратиш ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини таъминлашни кучайтириш мақсадида: 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Уюшма билан биргаликда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олсин;

китоб савдоси тизимини такомиллаштириш, жумладан, Уюшма аъзоларининг янги нашр этилган асарлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўқувчиларга ўз вақтида етиб боришини, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳисобидан ушбу китобларни сотиб олишини ва улар билан ўз тасарруфидаги ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, маданият саройлари, маънавият хоналарини таъминлаши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.

4.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ–3350-сон қарорига мувофиқ Уюшма аъзолари учун:

Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошлангани маълумот учун қабул қилинсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ҳокимликлари 2018-2021 йилларда ҳудудларда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар  ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин. Вазирлар Маҳкамаси мазкур режаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қатъий назоратга олсин; 

Мазкур уй-жойларни тақсимлашда қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Уюшма аъзолари, жумладан, вилоятларда яшаётган ижодкорларга сифатли ва имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси бир ой муддатда Уюшмага қарашли ижод уйлари ва ошхоналарни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин. 

7. Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Дўрмон” ижод уйи ҳамда янги бунёд этилаётган “Паркент” ва “Зомин” ижод уйларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу фонднинг ҳудудий бўлимларини тузиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Амалдаги тартибга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири “Ижод” жамоат фонди Васийлик кенгашига раислик қилишини инобатга олган ҳолда, фонднинг ҳудудий бўлимлари Васийлик кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ва вилоятлар ҳокимлари раис, ҳудудий университет ва институтлар ректорлари раис ўринбосарлари сифатида бириктирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда “Ижод” жамоат фонди ҳудудий бўлимларининг молиявий манбаларини аниқласин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

Уюшманинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш;

ўз ҳудудида яшаётган Уюшма аъзолари ҳамда истеъдодли ва истиқболли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Уюшма аъзолари иштирокида маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва таълим муассасаларида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек,  ишлаб чиқариш корхоналарида шартнома асосида ижодий учрашувлар ташкил этиш ишларига шахсан масъул экани белгилаб қўйилсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма ҳудудий бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан биргаликда Уюшма ҳузуридаги “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳудудий бўлимларни 1 та (битта)дан енгил хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма муассислигида нашр этиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” – “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Амударё” журналлари таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда ушбу нашрларни қоғоз билан таъминлаш, босмахона харажатларини қоплаш ва уларнинг обунасига кўмаклашиш учун “Ижод” жамоат фондига қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилсин.

Мамлакатимиздаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик бирлашмалари, компаниялар ва банклар билан маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган “Дўстлар клублари” фаолиятининг ижобий самара бераётганини инобатга олган ҳолда:

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ва “АKFA” МЧЖ; 

“Шарқ юлдузи”–“Звезда Востока” журналлари ва “IMZO” МЧЖ;

“Жаҳон адабиёти” журнали ва “Delta-Qurmah” МЧЖ;

“Ёшлик” журнали ва “Universal Paсking Masters” МЧЖ;

“Амударё” журнали ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖ ўртасида “Дўстлар клублари”ни тузиш, шартнома асосида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватлансин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Дўстлар клублари”ни ташкил этиш бўйича тажрибани Уюшманинг ҳудудий бўлимлари учун ҳам жорий этсин ва бир ой муддатда бу масала бўйича аниқ чоралар кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги: 

Уюшманинг ҳудудий бўлимлари ўз тадбирларини ўтказиш учун тегишли бино ва залларга эга эмаслигини инобатга олиб, уларнинг жойлардаги университет ва институтлар имкониятларидан беғараз фойдаланишини таъминласин;

Уюшманинг ҳудудлардаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ижодкор ёшлар ва талабалар жамоалари билан фаол маънавий-маърифий иш олиб бориш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:

бир ой муддатда ҳудудларда ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактабларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин. Бунда Ёзувчилар уюшмаси ўқув дастурларини илмий ва ижодий жиҳатдан шакллантириш, мазкур мактабларга иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш, кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлар томонидан ижодий семинарлар олиб боришни таъминлаш бўйича асосий ижрочи ва жавобгар экани белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фаолиятини кучайтириш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий йўналишдаги билим юртлари, хусусан, “Темурбеклар мактаблари”да тизимли равишда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга доир таклифлари маъқуллансин. 

16. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Уюшма ҳузурида “Зулфияхоним қизлари” клубини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

“Зулфияхоним қизлари” клуби аъзоларининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг таклифига асосан Тошкент шаҳрига клуб машғулотларига ҳар чоракда бир марта келиб-кетиши билан боғлиқ харажатлар “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018 йилнинг 1 августига қадар Олий адабиёт курси мутахассисликлари бўйича тегишли малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

18. Белгилаб қўйилсинки, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан келишилган ҳолда, Олий адабиёт курсига йиллик қабул квоталарини (40 фоизи бюджет ва 60 фоизи тўлов-контракт бўйича) белгиланган тартибда шакллантирсин.

19. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда Адиблар хиёбонида мунтазам маънавият дарслари, китоб мутолааси соатлари, ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш, ушбу ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносида атоқли ижодкорларга бағишланган экспозициялар уюштириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тавсия этилсин.

20. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг:

истеъдодли ижодкорларга “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини шакллантириш; 

бадиий асарларни хорижий тилларга таржима қилиш мақсадида миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузиш;

комиссия томонидан сараланган асарларни “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хорижий тилларга юқори сифат билан таржима қилиш ва чет элларда нашр эттириш;
бадиий адабиёт бўйича ёш таржимонларни тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган таржимонларнинг профессионал малакаси ва маҳоратини оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика бўйича “Китоб акцияси” тадбирларини мунтазам йўлга қўйган ҳолда, маҳалла ва мактаблар, “Меҳрибонлик уйлари”га “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилган китобларни бепул етказиб бериш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

21. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Интернет тармоғи орқали миллий адабиётимизни кенг тарғиб этиш чораларини кўрсин.

22. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда аудиокитоблар ишлаб чиқариш ва уларни тарқатиш, шунингдек, ўзбек адабиёти тарғиботига бағишланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни тизимли равишда эълон қилиб бориш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин. 

 

                              Ўзбекистон Республикаси 
                                         Президенти                                                                                           Ш.Мирзиёев

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться