Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилиш – долзарб масала
2018-04-05 | Жамият
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари ўқитувчилари учун "Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг ўрни" мавзуида видео-конференция шаклида илмий-ўқув семинари ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ислом академияси ректори Н.Иброҳимов, филология фанлари доктори, профессор У.Норматов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Т.Малик, Ислом академияси кафедра мудири, "Ислом тафаккури" журнали муҳаррири Х.Дўстмуҳаммад ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларни обод этиш, янги масжид-мадрасалар, илмий марказлар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Муқаддас динимизнинг тинчлик, бағрикенглик ва эзгулик дини эканини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишда ушбу соҳа вакилларининг зарур билим ва салоҳиятга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бугун дин ниқоби остидаги турли бузғунчи гуруҳлар томонидан дунёда ёвуз ҳаракатлар содир этилаётган мураккаб вазиятда бу ўта долзарб масаладир.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 285 нафар имом-хатибни 5 гуруҳга бўлган ҳолда, ҳудудлардаги таълим муассасаларида ўқув семинарлари ташкил этилган эди. Бугунги илмий-ўқув семинари мазкур ишларнинг узвий давоми бўлиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад, Ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилишда соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, жойларда турли салбий гуруҳлар таъсирига тушиб қолиш хавфи бор фуқаролар билан ишлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда ҳар бир диний соҳа ходими ўз ҳиссасини қўшишини таъминлашдан иборат.
Тадбирда "Ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг долзарб вазифалари", "Ўзбекистон Ислом академиясининг ташкил этилиши юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар маҳсули", "ХХ аср ўзбек адабиётида исломий мавзулар", "Жаҳолатга қарши кураш жабҳасида зиёлиларнинг, хусусан, бадиий адабиётнинг ўрни", "Диний журналистиканинг шаклланиши" каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Байрам Айтмуродов, ЎзА
Манба: ЎзА