Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамланмоқда

2018-04-04 | Жамият

Ўзбек ва туркман халқларини муштарак маданият ва қадриятлар, урф-одатлардаги ўхшашлик ва теран тарихий илдизлар ўзаро боғлаб туради. Икки қардош халқ азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, савдо-сотиқ қилиб келган, бир дарёдан сув ичган. Тили, дили ва дини бир бўлган бу икки халқ асрлар давомида ёнма – ён яшаб, бир – бири билан қон – қардош, қуда – анда бўлиб кетган. Юртимизда Махтумқули ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар қанчалик  севиб тингланса, Туркманистонда Навоий ижоди намуналари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги, сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилди. 

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил март ойидаги Туркманистонга давлат ташрифи  яқин қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ушбу ташриф давомида илк марта ҳар икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари ўртасида, жумладан Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Туркманистоннинг Тошовуз вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий – гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича  келишув имзоланган эди.

Келишувга кўра Хоразм ва Тошовуз вилоятлари  ҳудудидаги корхона ва ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилиш, савдо – сотиқ ҳажмини кенгайтириш,айниқса тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларга бой иккала ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.Шунингдек маданият кунлари, фестиваллар, кўргазмалар,спорт мусобақалари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, ҳар иккала вилоят товар ишлаб чиқарувчилари  ўртасида ўзаро савдо ҳажми тобора ортиб бормоқда.Вилоятимиз тадбиркорлари томонидан Туркманистонга асосан қурилиш материаллари экспорт қилиняпти.

Тошовуз вилояти билан айниқса, туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик жадалривожланмоқда. Ўтган йил вилоятимизга тўрт минг нафардан ортиқ туркманистонлик сайёҳлар ташриф буюришди. 2017 йилнинг 1-3 ноябр кунлари вилоятимиздаги бир қатор сайёҳлик ташкилотлари Туркманистоннинг Овоза шаҳрида бўлиб ўтган  ярмаркада иштирок этиб, 2018 йил учун “Доғ саёҳат”, “Дашовуз саёҳат”, “Атлас”, “Саёҳат” каби  20 дан ортиқ туристик фирмалар  билан шартномалар имзоладилар. Шунингдек, ўтган йил вилоятимиздан мактабўқувчиларининг бир гуруҳи Туркманистондаги болалар оромгоҳида дам олиб қайтдилар.

Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғойбу қишлоғи ҳудудида 1650-1690 йиллар оралиғида қурилган “Улли ҳовли” деб аталадиган тарихий меъморий мажмуа бор.Ўша даврда 100 хонадан иборат бўлган бу мажмуада туркман миллатига мансуб маҳаллий аҳоли вакиллари истиқомат қилган.Вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси доирасида ушбу мажмуада реставрация ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар эътиборини жалб қиладиган энг жозибали масканлардан бирига айланди. 

Хоразм ва Тошовуз вилоятлари ўртасида нафақат иқтисодий, туризм йўналишларида,балки илм-фан, таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик ривож топмоқда. Жорий ўқув йилида туркманистонлик 50 нафар ёшлар Урганч давлат университети талабалари сафига қабул қилинди.Иккала мамлакат ёшлари ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар,учрашувлар ўтказилаётгани ҳам эътиборга молик.

Ўтган йил ноябрь ойида Тошовуз вилояти ҳокими Маммед Байрамгулыев раҳбарлигидагиделегациянинг Хоразм вилоятигаташрифи яқин қўшничилик муносабатлариниянада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ҳар икки вилоят маъмурияти раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги учрашувда минтақалараро даражада тўғридан-тўғри ва ўзаро манфаатли алоқалар, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. 

Бир сўз билан айтганда икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро ишонч ва дўстлик асосида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат,  ҳар икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилувчи келишувлар ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

 

                                                                                                                               Илгизар Сабиров,Хоразм вилояти ҳокими

Манба: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Поделиться