Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда шакар заводи қурилади
2018-03-31 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Зафаробод туманидаги сув омборининг қурилиш жараёни билан танишди.
Бу сув иншооти Жиззах вилоятида фойдаланилмай турган 20 минг гектар ерни сув билан таъминлаш, экин майдонларини кенгайтириш имконини беради. Шу атрофдаги туманларда ҳеч нарса экилмаган, кучли ер кўп. Уларга экспортбоп ва саноатбоп экинлар экиб, юқори даромад олиш мумкин.
Биз бу ҳудудда лавлаги етиштириш, уни қайта ишлаб, шакар чиқарадиган завод қуришни режалаштирганмиз. Бу мамлакатимизнинг шакар мустақиллигини таъминлаш учун жуда зарур. Қайта ишланган маҳсулотни озуқа сифатида ишлатиб, чорвачиликни ҳам ривожлантирамиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда 2018-2019 йилларда Жиззах вилоятида ирригация-мелиорация Давлат дастури асосида амалга ошириладиган ишлар, гидроиншоотлар лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Зомин ва Зафаробод туманларида микроГЭСларни қуриш ва модернизация қилиш инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу қурилиш ва модернизация ишларини сифатли бажариш, бунинг учун молиявий ва ташкилий кўмак кўрсатиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти