Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси–ҳамкорликнинг янги босқичи
2018-03-30 | Иқтисодиёт
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазманинг очилишида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва манфаатли алоқаларга асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани барча соҳаларда ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг ўтган йили март ойидаги Туркманистонга давлат ташрифи, шунингдек, икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтариб, уни сифат жиҳатдан янги амалий мазмун билан бойитди.
Бу жиҳатлар Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикаси Миллий саноат кўргазмаси иштирокчиларига йўллаган табригида ҳам ўз ифодасини топди:
"Кўп томонлама Туркманистон – Ўзбекистон алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани дўстлик ва қардошлик тамойиллари асосида асрлар давомида синовдан ўтган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганидан далолатдир".
Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигида алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон ва Туркманистон низоли вазиятларни бартараф этиш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатларни эътиборга олган ҳолда, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишнинг шаффоф ва самарали механизмларини яратиш тарафдоридир.
Тинчлик ва хавфсизлик масалаларидан ташқари, мамлакатларимиз муҳим глобал масалалар – барқарор тараққиёт, энергетика хавфсизлиги, халқаро транспорт-транзит алоқалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига биргаликда эътибор қаратмоқда.
Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.
Туркманобод – Фароб янги автомобиль ва темир йўл кўприкларининг ишга туширилиши ҳамда юкларнинг темир йўл транзитида ўзаро чегирмалар тақдим этилиши юк ташиш ҳажми ва икки мамлакат транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатларимиз минтақадаги кенг қамровли энергетик лойиҳаларда фаол иштирок этаётир. Бу лойиҳалар тўғрисида гап кетганда, йилига 25 миллиард куб метр газ ўтказадиган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой қувурини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик қилинмоқда.
Халқларимизнинг тарихан шаклланган яқин дўстлик ришталари ва муштарак маданий илдизлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ўзаро англашув мустаҳкамланиши ҳамда сермаҳсул ҳамкорлик ривожланишига хизмат қилмоқда.
2017 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177 миллион долларни ташкил қилди. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш кўрсаткичлари ҳам ошиб бормоқда.
Ашхободда ўтаётган "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси Туркманистонда Ўзбекистон миллий саноат маҳсулотлари ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, ушбу мамлакат компаниялари билан тижорий-шериклик шартномалари тузиш, ишбилармон доираларни юртимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Мазкур кўргазма икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, туркманистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу кўргазма Туркманистон ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Унинг доирасида бир неча миллион долларлик тижорий шартномалар, катта қийматга эга бўлган ҳамкорлик лойиҳалари имзоланиши режалаштирилмоқда. Ушбу анжуман икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этмоқда.
Икки блокдан иборат ярмарка павильонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, маиший техника, қурилиш моллари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Манба: ЎзА