Раббоний: “ олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик” шарти амалга ошиши керак
Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоуддин Раббоний конференция якунлари бўйича фикрларини журналистлар билан ўртоқлашди. Биз энг аввало, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ва ўзбек халқидан миннатдормиз.
Биз туфайли Марказий Осиё минтақасида нотинчлик юз бераётгани, қўшни давлатлар тинчлигига раҳна солаётганимиздан ўзимиз ҳам ноқулай вазиятдамиз. Терроризм, зўравонлик, қурол-яроғ савдоси бизнинг энг оғриқли нуқтамиз ҳисобланади.
Шу боис бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича кўп қиррали ва мураккаб масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда. Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, Истамбул жараёни каби кўп томонлама муҳокама жараёнлари алоҳида диққатга сазавор.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасини таъминлаш ва юртимизда тинчликка эришиш ниятида февралда биз Қобул жараёни доирасида “Толибон” ҳаракатининг “олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик” асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошладик. Улар зўравонликларга барҳам бериши ва афғон конституциясини қабул қилиши керак.
Биламизки, Марказий Осиё давлатлари ҳам Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ҳам Россия ҳам бизнинг дўстларимиз ва улар Афғонистонда тинчликни таъминлаш тарафдори. Биз ҳам улар билан дўстона ҳамкорлик қилиш мақсадидамиз. Ишонамизки, ташқи кучлар афғон ҳукуматининг Афғонистонда хорижий террористик ташкилотларнинг базаларини йўқ қилиш борасидаги ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаши, ҳеч қандай фарқларга қарамасдан, терроризмни молиявий ва моддий-техник қўллаб-қувватлашнинг олдини олиши шарт.
Бугун имзоланган декларацияни 6-7 та муҳим жойлари бор. Бироқ, қирқ йилки давом этиб келаётган уруш ва низоларни бирданига, бир кунда барҳам топиши осон эмаслигини қайд этишим керак. Шундай бўлсада, Тошкентда ўтаётган “ Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция ва бу ерда имзоланган декларация тез кунларда ўз самарасини беришига жуда ишонаман. Сўзимни якунида қардош Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига ўз миннатдорчилигимни яна бир билдираман.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА
Манба: ЎзА