Федерика Могерини: Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун “Толибон” музокараларга ўзида куч топиши керак
Пойтахтимизда очилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида ўтказилаётган халқаро конференцияда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини маъруза қилди.
Ф.Могерини ўз чиқишида Афғонистондаги вазиятни барақарорлаштиришга оид ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. Европа Иттифоқи ҳам бу масалага доим эътибор қаратиб келган.
Террорга йўл қўймаслик, мамлакат чегараларини қўриқлашда ёрдам кўрсатиш бўйича Европа Иттифоқи молиявий кўмак кўрсатишга доим тайёр.
Афғонистонда “катта держава” саналган давлатларнинг ўзаро уруши давом этаётганини қайд этиб ўтди маърузачи.
Шунга қарамай Афғонистонда бугунги кунда ривожланиш кўзга ташланмоқда. Ҳамкорлар билан ўзаро алоқалар туфайли бу ерда халқ учун зарур бўлган инфратузилма бунёд этилмоқда. Темир йўллар барпо этилди.Афғон ёшларининг таълим олишига эътбор қаратилмоқда. Уларнинг айримлари айни пайтда Ўзбекистонда таълим олаётганидан хабаримиз бор.
Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши нафақат афғон халқи учун, балки Марказиё Осиё давлатларида истиқомат қилаётган халқлар учун катта имкониятлар яратади.
Афғонистонда бу йил парламентга сайлов бўлиб ўтади. Бу сиёсий жараённи, шунингдек мамлакат бошқа тузилмалари, суд-ҳуқуқ соҳаси, фуқаролик жамияти ривожланишини ҳам албатта қўллаб-қувватлаймиз.
Афғонистонда вазият тўла барқарорлашиши учун “Толибон” музокарага киришишга ўзида куч топиши керак.
Дипломатик муносабатлар қарор топиши керак. Афғон халқи ҳам ўз қатъий ирдасини намоён этиши зарур. Тинчлик ўрнатилишига оид жараённи тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва умид қиламанки, биз бунга албатта эришамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА