Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ер сайёрасими ёки Сув сайёраси? «Сув карчалонлари»ни биласизми?
2018-03-26 | Жамият
Бугунги кунда жаҳон олимлари дарё, денгиз, кўл, сизот сувларининг ифлосланиши билан боғлиқ долзарб муаммоларга катта аҳамият қаратмоқда. Уларнинг фикрича, миллионлаб инсонларга ўлим келтирувчи, шу билан бирга умр бағишловчи сув – бу ҳаёт эканини яна бир бор кенг жамоатчиликка етказишнинг фурсати аллақачон етиб келган.
Сувнинг ҳаётимиздаги аҳамияти жуда ҳам муҳимлигини билиб турсада, одамзот сув ҳавзаларини, иншоотларини чиқинди ва ахлатлар билан тўлдириб, ифлослантиришда давом этмоқда. Глобал муаммолар инсониятга берилган чақириқдир. Бу муаммолардан қочиб бўлмайди, бироқ уларни ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун Она сайёрамизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон ҳаракат қилиши керак, холос.
Бир вақтлар жаҳонгашта олим Жан Ив Кусто «Ер сайёрасини Сув сайёраси деб аташ керак» деган таклиф билан чиққан эди. Чунки сайёрамизнинг катта қисми сувдан ташкил топган. Бироқ мана шу сувларнинг 97 фоизи уммон ва денгизлардаги шўр сув, атиги 3 фоизи ичишга яроқли тоза сув эканини ёддан чиқариш керак эмас. Сайёрамизнинг учдан икки қисми уммонлар билан қопланган бўлиб, айни дамда сув чиқиндихона вазифасини ҳам бажармоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида нафақат ичимлик суви, балки далаларни суғориш, саноатда ишлатиш учун ҳам сув етишмаяпти. Олимлар яна 20-25 йилдан кейин глобал сув тақчиллиги юзага келишидан хавотир олишмоқда. Уларнинг фикрича, агар зарур чоралар кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда аср ўрталарига бориб, олтин ёки нефть учун эмас, балки сув учун уруш бошланиши эҳтимоли бор экан. Сув ҳавзаларининг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолардан асло кўз юмиб бўлмайди.
Бугунги кунда жаҳонда 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувига муҳтожликда кун кечирмоқда. Яна бир неча ўн йилликдан сўнг эса шаҳар аҳолисининг ҳар учтасидан биттаси тоза ичимлик сувига муҳтож бўлади. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 2 миллиард 700 миллион киши санитария талабларига жавоб бермайдиган муҳитда истиқомат қилмоқда.
Экспертларнинг фикрича, жами касалликларнинг 20 фоизи атроф-муҳитнинг ифлосланиши туфайли келиб чиқар экан. Ҳар йили 5-7 миллионга яқин киши сув билан боғлиқ касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмади. Биргина Россияда сув ҳавзаларининг диоксин билан заҳарланиши оқибатида ҳар йили 20 мингга яқин кишининг ҳалок бўлиши айтилмоқда. Айни шу миқдордаги россиялик озон қатламининг емирилиши натижасида саратон касаллигига чалинмоқда. Ақлан заиф чақалоқларнинг дунёга келиши ҳам кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Тоза ичимлик суви етишмовчилиги оқибатида юзага келадиган хасталик туфайли ҳар куни 8 мингдан 20 мингга яқин киши, 20 сонияда бир бола нобуд бўлмоқда. Шуларни эътиборга олган ҳолда таъкидлаш керакки, агар ичимлик сувининг сифати яхшиланадиган бўлса, у ҳолда инсонларнинг ўртача умр кўриши ўн йилликда 5-7 ёшгача ошиши мумкин.
Агар ХХI аср бошларида сайёрамиз аҳолисининг 40 фоизи сув ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган бўлса, 10-12 йил ўтиб эса ер юзи аҳолисининг 60-65 фоизи айни шу муаммо билан тўқнаш келади. Бу жаҳондаги 80 мамлакатда истиқомат қилувчи 5 миллиард киши демакдир. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда сув танқислиги нафақат Африка, Осиё, Америка, Австралияда балки аҳолиси нисбатан фаровон яшайдиган Европада ҳам кузатилмоқда.
«Кўҳна қита»нинг 23 миллион аҳолиси тоза ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекмоқда. БМТ тарқатган хабарга кўра, айни дамда 31 та давлат жиддий сув инқирози хавфи билан тўқнаш келган. 2007-йилда Осиё-Тинч уммони минтақасидаги давлатларнинг раҳбарлари сув муаммосини ҳал қилиш миллий хавфсизликни таъминлашдаги муҳим омил эканини таъкидлаган эдилар. Африка мамлакатлари сув муаммосини ҳал қилиш масаласини ҳозирги даражада давом эттирадиган бўлсалар, мавжуд муаммони юз йилдан кейин ҳал қилишар экан.
Иккинчи жаҳон урушидан то шу кунгача юз берган қуролли тўқнашувлар ва ҳарбий мажороларни қўшиб ҳисоблаганда ҳалок бўлганлар сонидан кўпроқ одамлар сувларнинг ифлосланиши оқибатида ҳаёт билан видолашгани тан олинган. Буларнинг ҳаммаси сув ҳавзаларининг ифлосланиши билан боғлиқ экани айтилмоқда. Чунки табиий сув ҳавзалари экологик барқарорликнинг бош омилидир.
Сув ҳавзаларига тушган чиқиндилар сувдан кислородни тортиб олиб табиатга салбий таъсир кўрсатиши, яъни биологик барқарорликни издан чиқариши аниқланган. Шунингдек, уммон, денгиз ва дарёларга атом электр станциясида ишлатиб бўлинган ядровий чиқиндилар, озиқ-овқат қолдиқлари, касалхона чиқиндилари, метал, кислота, нефть маҳсулотлари, пестицид, қишлоқ хўжалигида ишлатиган ўғитлар ва бошқа маҳсулотларнинг ташланиши сувдаги кислород захирасини камайтириб, сувдаги фауна ва флорани йўқ қилмоқда.
Сув ҳавзаларининг ифлосланиши оқибатида санитариявий аҳвол ёмонлашмоқда, бу ўз навбатида, мазкур ҳавзалардан ирригация ва хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш имкониятларини чекламоқда. Бундан балиқчилик хўжалиги катта зиён кўрмоқда. БМТ эълон қиладиган ҳисоботларга қараганда, денгиз ва дарёларнинг минерал ўғитлар билан ифлосланиши оқибатида жаҳон балиқчилик соҳаси йилига 50 миллиард АҚШ доллори миқторида зиён кўрар экан.
Сув истъемол учун яроқсиз ҳолга келганда ифлосланган деб ҳисобланади. ХIХ аср ўрталарида Европанинг йирик шаҳарларида сув ҳавзаларининг ифлосланиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган эди. Ўшанда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Кўҳна қитъа»да сув билан боғлиқ касалликлар бартараф этилган эди. Бироқ ҳозирги кунда ривожланиш йўлига кирган мамлакатларда вабо ва ўлат каби сув билан боғлиқ касалликлар ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолардан ҳисобланади.
Агар сув ҳавзаларининг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар зудлик билан ҳал қилинмайдиган бўлса, у ҳолда глобал экологик ҳалокатнинг юз бериши муқаррарлигидан асло кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам инсоният мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун оёққа туриши керак. БМТ тоза ичимлик суви тақчиллигини бартараф этиш «инсоният томонидан, биринчи навбатда, ҳал қилиниши керак бўлган муҳим масалалардан бири» деб эълон қилган.
Сув муаммосини ҳал қилиш нафақат эзгу иш, балки жаҳон иқтисодиёти учун истиқболдаги бизнес-лойиҳалардан биридир. Сувга эҳтиёж кучайган сари, унинг нархи ҳам ошмоқда. Сўнгги 50 йилда нефть нархи 10 баробар, маиший эҳтиёжлар учун сув нархи 100 баробар, тоза ичимлик сувининг баҳоси эса 1000 баробар ўсди. Нефть соҳасини ортда қолдираётган Сув саноати жаҳондаги энг тараққий этаётган тармоққа айланиб улгурди.
Айни дамда сув бизнеси йилга 30-40 фоизга ривожланиб бориши натижасида «сув корчалонлари» пайдо бўлмоқда. Бу соҳа бир йилда кўрадиган даромад 1 триллион доллордан ошди. Бу нефть ва фармацевтика компанияларининг фойдасидан 40 фоиз кўпдир. Сув Ресурсларидан фойдаланиш Халқаро институти вакилларининг сўзларига қараганда, сўнгги 100 йилда ер юзи аҳолиси икки баробар кўпайган бўлишига қарамай, сув истеъмолига талаб 7 баробар ошган. Шуларни инобатга олган БМТ Бош Ассамблеяси инсонларнинг «хавфсиз ва тоза ичимлик сувига эга бўлиш» ҳуқуқига бағишланган тарихий резолюция қабул қилди.
Сўнгги сўз ўрнида, сайёрамизда экологик мувозанатни сақловчи сувнинг улуғворлиги, ҳаётий зарурат эканини барчамиз яхши англашимиз лозимлигини яна бир бор таъкидлаб, тоза сув - азиз неъмат, яхши шифокор ва қадрдон дўст эканини эслатиб ўтамиз. Сувни эъзозлаш, қадрлаш, асраб-авайлашимиз зарур.
Шарофиддин Тўлаганов
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги