Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ташқи савдони янада эркинлаштириш ва савдо операцияларининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-03-26 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ташқи савдони янада эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун тенг ва қулай шароитлар яратиш, шунингдек, савдо операцияларини амалга оширишда ортиқча тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва “Ўзстандарт” агентлигининг Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин мажбурий инспекциядан ўтказиш тартиботини бекор қилиш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин. 

2. Белгилаб қўйилсинки: 

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш ихтиёрий асосда амалга оширилади; 

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига ваколатли орган томонидан халқаро стандартлар талабларига мувофиқ аккредитация қилинган инспекция органлари эга; 

инспекция органларининг хизматлари, шу жумладан юк ортишдан олдин инспекциядан ўтказиш хизматлари учун ҳақ тўлаш уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банкларда очилган ҳисобрақамлари орқали амалга оширилади; 

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарлар сифати, миқдори ва нархларининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда (кейинги ўринларда – Марказ) рўйхатдан ўтган импорт контрактлари шартларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш учун жавобгарлик импорт қилувчининг мансабдор шахслари зиммасига юклатилади; 

давлат божхона хизмати органлари Марказда рўйхатдан ўтган импорт контрактлари доирасида эркин муомалага чиқарилган товарларнинг миқдори ва нархлари ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда Марказга тақдим этади. 

3. Давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, тижорат банкларига юк ортишдан олдин инспекцияни ўтказувчи инспекция органини танлаш ҳақида импорт қилувчиларга тавсиялар бериш тақиқлансин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти “Ўзстандарт” агентлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда, мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, давлат манфаатларига етказилган зарарни қоплаш кафолатларини таъминловчи механизмларни жорий этган ҳолда импорт қилувчилар ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар киритсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда аккредитация объектлари томонидан ваколатли органга ўтказиладиган тўловларни ундириш шартлари ва миқдорларининг танқидий қайта кўриб чиқилишини таъминласин. 

6. Белгилансинки, Марказ фаолияти соҳаси татбиқ этиладиган товарлар, ишлар ва хизматлар харидларини ўтказиш (харид тартиботларини бажариш, реклама ишларини ташкил этиш, тендер ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар) бўйича ихтисослашган ташкилотни танлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ўрнатиладиган талабларга жавоб берадиган ихтисослашган ташкилотлар орасидан танлов асосида амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бир ой муддатда давлат харидларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга ихтисослашган ташкилотларга қўйиладиган талабларни, шунингдек, давлат харидларини ўтказиш доирасида ихтисослашган ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар турлари рўйхатини ўрнатилган тартибда белгиласин. 

7. “Ўзстандарт” агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси  Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри,  2018 йил 24 март

Манба: ЎзА

Поделиться