Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон эришилган натижалар билан тўхтаб қолмоқчи эмас
2018-03-24 | Сиёсат
Тошкент шаҳрида 26-27 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманга нафақат қўшни давлатда, балки минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим воқелик сифатида қаралмоқда.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирди, афғон муаммосини ҳал этишда халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон – Афғонистон муносабатларининг юқори суръатда ривожланиб бораётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган ташқи сиёсий стратегиясининг натижасидир.
Давлатимиз раҳбари Президентлигининг илк кунлариданоқ қўшни давлатлар билан конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш йўлини танлади.
Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни яхшилаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар Тошкентга чегаралар ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича йиллар давомида ечилмай келаётган мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижага эришиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўшни давлатлар билан визалар режимини либераллаштириш, улар билан чегарада назорат пунктларини ташкил этиш борасидаги амалий ҳаракатлари Марказий Осиё давлатларининг оддий фуқаролари мулоқотини сезиларли даражада енгиллаштирди.
Натижада Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра, қарийб 3 миллиард долларни ташкил этди, яъни 20 фоизга ортди. Ўзбекистон раҳбари Остонада ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мўлжаллаётганини таъкидлади.
Айни пайтда Марказий Осиёда барқарор ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан узвий боғлиқ. Афғон муаммосини ҳал этмай туриб, минтақада фаровонликни таъминлаш мумкин эмас.
Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонни умумий тарих, дин, маданият ва урф-одатлар бирлаштиради. Тинч Афғонистон Марказий Осиё давлатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфазининг портларига қисқа муддатда чиқиш имконини беради, Жанубий Осиё давлатларининг Европа ва Хитой бозорлари билан боғланишини таъминлайди.
Мазкур омилларни ҳисобга олиб, Афғонистонга минтақавий муаммолар, таҳдид ва қийинчиликлар манбаи сифатида эмас, балки Евроосиёда кенг трансминтақавий алоқаларни ривожлантиришга янги туртки берадиган ноёб стратегик имконият сифатида қараш жуда муҳимдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат стратегияси доирасида Тошкент Афғонистон билан савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш борасида изчил ва ишончли ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари ўртасида мунтазамлик касб этаётган ўзаро муносабатлар икки томонлама мулоқотда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Сўнгги вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани беш марта учрашишди. Икки давлат етакчилари яқин ва самарали муносабат ўрнатди, ўзаро ишончли ҳамкорликни шакллантирди.
Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг ўтган йил декабрда Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда том маънода тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги сиёсий алоқалар ва амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Музокаралар якунида томонлар хавфсизлик, энергетика ва транспорт масалалари бўйича 20 қўшма ҳужжат, шунингдек, Афғонистонга қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, буғдой, маиший техника, транспорт воситалари кабиларни етказиб бериш бўйича ярим миллиард долларлик 40 шартномани имзолади.
Икки мамлакат Президентлари ўртасидаги келишувлар вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасидаги алоқаларни ҳам фаоллаштирди. Ўтган бир ярим йил ичида Ўзбекистонга Афғонистондан кўплаб юқори мартабали делегациялар ташриф буюргани Ўзбекистон – Афғонистон муносабатлари тарихида муҳим воқеа бўлди.
Жорий йилнинг февраль ойи бошида Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон – Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда терроризм ва экстремизм, қурол савдоси ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши каби таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Барча даражадаги жадал ва ишончли алоқалар, икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси Ўзбекистон ва Афғонистонга икки томонлама муносабатларга янгича суръат бағишлаш имконини берди, бу ҳамкорликнинг ҳамма соҳаларида аниқ намоён бўлмоқда.
Биринчидан, савдо-иқтисодий соҳада улкан ютуқларга эришилди. Охирги бир ярим йил давомида нафақат икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ошгани, балки мутлақо янги турдаги товарлар киритиш ҳисобига унинг таркибий жиҳатдан тобора кенгаяётгани кузатилмоқда.
2017 йил якунлари бўйича товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошиб, қарийб 600 миллион долларни ташкил этди. Бу тенденция жорий йилда ҳам давом этмоқда. 2018 йил январь ойида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ўсди.
Айни пайтда бу қуруқ кўрсаткичлар эмас, балки тизимли ишларнинг натижасидир. Ўзбекистон Президентининг топшириғига кўра, 2017 йил бошида ҳамкорликни ривожлантириш учун йўл харитаси қабул қилинди, уни ҳаётга татбиқ этиш яқин йилларда товар айланмасини сезиларли даражада ошириш ва 1,5 миллиард долларга етказиш имкониятини беради.
Кобулда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли доимий кўргазма билан Ўзбекистон савдо уйининг очилиши икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
2017 йил сентябрда Мозори Шарифда кенг турдаги Ўзбекистон маҳсулотларини намойиш этувчи “UzTrade” шоу-руми очилди. Бугунги кунга қадар афғонистонлик шериклар билан 29 миллион доллардан ортиқ шартнома тузилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан қўшни давлатга “СамАвто” русумли 25 автобус, 3 трактор ва эҳтиёт қисмлари совға қилинди.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Термизда божхона терминали билан халқаро логистика маркази ташкил этилди. Ушбу марказ икки давлатнинг экспорт-импорт ва транзит юк ташишдаги ҳамкорлиги, Европа ва Осиё бозорларига биргаликда кириб боришини таъминлайди.
Ўзбекистон эришилган натижалар билан тўхтаб қолмоқчи эмас. Ўзбекистон Афғонистондаги тинч ривожланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиради. Бу эса Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Манба: ЎзА