Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон олимлари учун халқаро таълим ресурсларига йўл очилди
2018-03-24 | Таълим
2018 йилнинг 23 март куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда «SCOPUS» ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базалари маҳсулотлари учун Миллий битимни тантанали имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов, «Elsevier» халқаро компанияси вице-президенти Феликс Хаест ва компаниянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича минтақавий директори Алия Оспанова, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Жаҳон банки мутасаддилари, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 мартдаги «Халқаро Ривожлантириш Ассоциацияси иштирокидаги олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2848-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш Дастурини ишлаб чиқди. «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш Дастуридан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда илмий салоҳиятни, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини яратишдан иборат.«Элсевиер» компанияси «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш Дастурида мамлакатимиз илмий марказлари ва олий таълим муассасалари, шунингдек, олимларнинг дунё илмий рейтингидаги ўрнини кўтариш, республика илмий журналларини «SCOPUS» ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базаси тизимига киритиш, ёш олим ва докторантларга илмий мақолалар тайёрлаш ва уларни юқори импакт-факторга эга бўлган илмий нашрларда чоп этишларига кўмаклашишни кўзда тутган.Маълумот учун:«Элзевир» (Elsevier) – фан, таълим ва тиббиёт соҳасида инновацион ечимларни ва маҳсулотларни таклиф этадиган жаҳондаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг ваколатхоналари Амстердам, Лондон, Ню-Йорк шаҳарларида жойлашган бўлиб, дунё бўйлаб 70га яқин офислари бор. Нашриёт Reed Elsevier медиа-холдингнинг бир қисми бўлиб, жаҳоннинг энг йирик 500 компаниялари рўйхатига киради. 2500дан ортиқ журналлар, 20000га яқин китоб ва маълумотномаларни чоп этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги