Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Божхоначилар “Карбамид” ёзувли қопларга яширилган “Аммиакли селитра”ни фош этишди
2018-03-23 | Жамият
Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда аммиакли селитрадан портловчи моддаларни яширин тайёрлаш учун компонент сифатида фойдаланиш имкониятига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда шу турдаги маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида Жиззах вилояти Жиззах шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Жиззах-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган ҳайдовчи Э.З бошқарувидаги “Газ 330210” русумли юк автоуловини тўхтатиб, божхона назоратидан ўтказишди.
Текширув давомида автоулов юкхонасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1962 йилда туғилган, Т.М.га тегишли бўлган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз умумий қиймати 2 395 848 сўмлик, 50 кг.лик 60 дона полиэтелин қопларга солинган минерал ўғитлар ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Кўздан кечирув давомида мазкур минерал ўғитлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар эътиборини чалғитиш мақсадида эркин сотувда мавжуд бўлган “карбамид” минерал ўғити учун мўлжалланган полиэтелин қопларга қадоқланган ҳолда олиб кетилаётганлиги фош этилди. Умумий оғирлиги 3000 кг.ни ташкил этувчи “аммиакли селитра” минерал ўғитлари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирги вақтда, ушбу минерал ўғитларни манбаасини аниқлаш бўйича божхона идоралари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси