Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида Россиянинг “Виноградная лоза” МЧЖ билан меҳнат миграциясига оид битим имзоланди
2018-03-23 | Жамият
2018 йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги биносида Агентлик ва Россиянинг “Виноградная лоза” МЧЖ ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россияда иш билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Битим имзоланди.
Битимни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва “Виноградная лоза” МЧЖнинг ваколатли вакили М. Қамариддинова имзоладилар.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимовнинг таъкидлашича, Агентлик шу пайтгача ташкилий ишга ёллаш соҳасида Россиянинг қатор минтақалари билан ҳамкорлик қиларди. Бугун Воронеж вилояти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Маълумки, «Виноградная лоза» МЧЖ кадрлар агентлиги бўлиб, рекрутинг хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият юритиб келади. Шунингдек, мазкур жамият “Выбор” қурилиш компанияси ва Ўзбекистоннинг минтақадаги савдо уйи ҳисобланган “Агросоюз” компанияси билан ҳамкорлик қилади.
“Виноградная лоза” МЧЖ вакиласи М.Қамариддинова маълумотига кўра, ишчиларга турар—жой, суғурта полиси ҳавола этилади, патент расмийлаштирилади ва тушлик таом билан таъминланади. Иш берувчининг патентга тўлаган харажатлари ишчининг бир неча ойлик маошидан ушлаб қолинади. Ишчиларнинг иш ҳақи 30минг рублдан 50 минг рублгачадир.
Яқин кунлар ичида Воронежда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истайдиган фуқароларни танлаб олиш жараёни бошланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги