Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қанча кўп иш ўрни яратилса, одамлар шунчалар рози бўлади
2018-03-17 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 март куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳар ва қишлоқларининг кун сайин ўзгариб, обод бўлиб бораётгани, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаётганида ҳам ўз аксини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилда вилоятга ташрифлари чоғида Самарқанд шаҳри ва бошқа туман, шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди. Ташрифлар чоғида тақдимоти ўтказилган 15 та лойиҳа ишга туширилди, 18 таси бўйича белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда олиб борилаётган бу каби ишлар, белгиланган вазифаларнинг ижроси ва лойиҳаларнинг амалий натижаси Президентимизнинг доимий эътиборида.
Давлатимиз раҳбари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.
Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Буюк мутафаккир бобомиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий хоки мангу қўним топган ушбу маскан ислом маърифати ва аждодларимизнинг муқаддас динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб қилувчи улуғ зиёратгоҳдир. Халқимиз маънавий ҳаётидан чуқур ўрин олган ушбу гўшани реконструкция қилиш ва узоқ-яқин давлатлардан келадиган зиёратчилар учун янада кўркам қадамжога айлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз 2017 йил ноябрь ойида мажмуага ташриф буюрганида бу борада амалга ошириладиган ишлар концепцияси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. Шу асосда мажмуани реконструкция қилиш ҳамда ушбу масканга зиёрат туризми бўйича келувчи сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича лойиҳа-таклифлар тайёрланди.
Шавкат Мирзиёевга шу ҳақда маълумот берилди.
Лойиҳага кўра, таъмирлаш ишларини мажмуа ҳудудини уч қисмга ажратган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мўлжалланган. Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Мажмуа рўпарасида меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Ушбу ҳудуд ва мажмуа ўртасида фавворалардан иборат 850 метрлик аллея, унинг ёнида француз услубида ландшафт дизайни асосида баҳаво йўлаклар барпо этилади. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли турар жойлар бунёд этиш белгиланган.
Бу ишлар амалга оширилгач, зиёратгоҳда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
– Биз юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур концепция лойиҳасини яна бир бор синчиклаб кўриб чиқиш, мажмуанинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамоҳанг бўлишига эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи доирасида Оқдарё туманидаги “Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхона билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар билан суҳбатлашди.
Гидропоника – бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир. Унда ўсимликлар озуқани илдизларини ўраб турган эритмадан олади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.
Бундай иссиқхонанинг яна бир афзаллиги шундаки, унда махсус унумдор ерга зарурат йўқ. Тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Жойдан максимал даражада фойдаланиш имконияти мавжуд. Маҳсулот етиштириш учун сарфланадиган энергия ресурслари анча арзон. Тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд.
“Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамиятида ҳозир 4 гектар майдонда гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхонада помидор парваришланмоқда. 22 доимий, 30 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Иссиқхонанинг дастлабки ҳосилидан 220 тоннадан ортиқ маҳсулот йиғиштириб олиниб, унинг қарийб тенг ярми Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.
– Оқдарё туманини пахтадан озод қилдик, – деди Президент. – Туманнинг зах, тошлоқ ерларига гидропоника жуда мос. Бундай иссиқхоналарни кенгайтириш, нима бозорбоп бўлса, шуни экиш керак. Бу йўналишни ривожлантириш учун мутахассислар тайёрлаш зарур.
Шу ерда Самарқанд вилоятида паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Президент лойиҳалар қамровини ошириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари соя ёғи харидоргир ва соғлиқ учун фойдали экани, унинг шроти парранда учун зарур озуқа бўлишини таъкидлади. Мазкур йўналишдаги ишларни кенг кўламда давом эттириш ва ривожлантириш учун соя етиштирувчилар ассоциациясини тузиш бўйича кўрсатма берди.
Президентимиз Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикасида ҳам бўлди.
Ўтган йил иш бошлаган ушбу корхонада хотин-қизлар ва болалар учун 20 хилга яқин трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Табиий матодан тайёрланаётган сифатли кийим-кечакларнинг асосий қисми Россия, АҚШ ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда. Бу ерда айни пайтда 500 га яқин хотин-қиз, жумладан, коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев фабриканинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, маҳсулотларни кўздан кечириб, ходимлар билан суҳбатлашди. Бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини, шу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш, трикотаж кластерлари яратиш зарурлигини таъкидлади.
– Биринчи навбатда, иқтисоди нисбатан оғир бўлган Қўшработ, Нуробод сингари туманларда бу каби трикотаж корхоналарини ташкил қилишимиз керак, – деди Президентимиз. – Етиштирилаётган пахта ҳосилини имкон қадар вилоятларнинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотишни йўлга қўйиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Қанча кўп иш ўрни яратсак, аҳоли биздан шунчалик кўп рози бўлади, турмуш фаровонлиги яхшиланади.
Шу ерда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар, вилоятда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва ихчам гидроэнергетика станциялари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Каттақўрғон шаҳри мисолида Жаҳон банки иштирокида кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш дастури ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа ва дастурларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Самарқандда “КамАЗ” автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишув чоғида Президентимиз маҳаллийлаштириш, автомобиллар экпортини ошириш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Иштихон тумани «Хумо» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида «Иштихон томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳоли даромадини кўпайтириш, томорқадан унумли фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Жорий йилда ташкил этилган жамият юқори навли кўчат ва уруғ етиштириш ва тарқатиш, зотдор чорва моллари етказиш, аҳоли томорқасига техник хизмат кўрсатиш, ўсимликларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш хизматини ташкил қилиш, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.
Хина қишлоғида 1 минг 200 дан зиёд аҳоли тасарруфида бугунги кунда 34,2 гектар томорқа мавжуд. Бу ерда томорқадан унумли фойдаланиш, оила фаровонлигини таъминлаш билан бирга, дастурхонимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари мазкур қишлоқда яшовчи Тошқувват Ражабов хонадонига ташриф буюрди.
71 ёшли Тошқувват ота 14 фарзандни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялаган. Бугунги кунда улар қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларида юртимиз тараққиёти учун меҳнат қилмоқда. Отахон томорқасида иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг парваришини йўлга қўйган. Бу йил томорқадан 10 миллион сўм даромад олишни мўлжалламоқда.
Шу ерда “Обод қишлоқ” дастури асосида Нуробод тумани Жом қишлоғини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, боғча, деҳқон бозори, турар жой биноларини таъмирлаш, қишлоқ врачлик пунктини реконструкция қилиш каби муҳим лойиҳалар тақдимоти ўткзилди.
– Томорқадан қишин-ёзин даромад олса бўлади. Бирор қарич ер бўш турмаслиги лозим, аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини оширишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу куни Пастдарғом тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳолини электр энергияси, табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, 11 та қишлоқлараро ва туманлараро янги автобус йўналишлари очиш, Самарқанд вилоятида қўшимча 642 намунавий лойиҳадаги арзон уйлар қуриш, аёллар ва ёшлар жиноятчилигини камайтириш масалалари ҳақида сўз юритилиб, мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Манба: ЎзА