Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси: журналистлар учун холис ва тўлақонли ахборот майдони яратилади
Тошкент шаҳрида 26-27 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли анжуманни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди.
ЎзА мухбири матбуот маркази раҳбари – мазкур конференция матбуот котиби Шерзодхон Қудратхўжаев билан конференцияни ёритишга кўрилган тайёргарлик ҳақида суҳбатлашди.
— Матбуот маркази бугунги глобаллашув шароити ва конференцияни йигирмадан ортиқ мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тўлақонли ва самарали ёритиш заруратини инобатга олиб энг замонавий техник ускуналар билан жиҳозланди. Конференция матбуот марказимизга трансляция қилинади. Журналистлар шу ерда ўтириб, Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида бўладиган асосий тадбирларни монитор орқали кузатиш имконига эга бўлади.
Анжуманни ёритиш учун 250 дан ортиқ маҳаллий ва 20 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Жумладан, АҚШ, Хитой, Европа мамлакатлари, Россия, Япония ОАВлари конференцияни ёритишда қатнашади.
Анжуманда АҚШ, Афғонистон, Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, БМТдан нуфузли делегациялар, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Афғонистон бўйича тинчлик музокаралари сокинликни талаб қилади. Шунинг учун турли шов-шувларни тарқатиб тинчлик музокараларига халақит бермаслик, қилинган ишларни ҳурмат қилиш тўғри бўлади. Буни инсон сифатида тушунишингизни хоҳлардим.
Афғонистондаги нотинчлик дунёдаги ялпи хавфсизликка таъсир кўрсатишини ҳамма билади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сайловолди кампаниясида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида аввало қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратишини таъкидлади. Қисқа даврда Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон билан муносабатларда янги саҳифалар очди.
Мамлакатимизни ва афғон диёридан Амударё ажратиб туради. Қўшничилигимиз тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ҳатто Ўрта асрларда орамизда Амударёдан бошқа ҳеч қандай чегара бўлмаган, халқларимиз бир ҳудудда яшаб ижод қилган. Темурийлар даврида Мовароуннаҳрдаги тараққиёт, юксалиш қўшни ҳудудларнинг ҳам гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган. Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби аждодларимиз илму зиёсидан халқларимиз бирдек баҳраманд бўлган. Шу жиҳатдан, Афғонистон юртимиз учун тарихий-маданий ва цивилизация жиҳатидан яқин қўшни. Бизни ягона дин, ўхшаш маданий қадриятлар, бир-бирига ҳамоҳанг анъана ва одатлар ҳам яқинлаштириб туришини инобатга олсак, ушбу давлатда тинчлик ўрнатилиши Ўзбекистон учун муҳим. Зеро, халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақоли бежиз айтилмаган.
Ўзбекистон жуғрофий жойлашуви туфайли денгиз йўлига фақат учинчи давлатлар орқали чиқиш мумкин. Афғонистон ҳудуди биз учун Ҳинд океани ва Форс кўрфазига чиқишга энг қисқа йўл. Ушбу давлатда тинчлик бўлиши Ўзбекистонга моллари хавфсиз олиб ўтилишини таъминлайди.
Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириши икки томон учун ҳам фойдали. Чунки Афғонистоннинг кўп миллионли аҳолисини қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш иқтисодий самарадорлик келтиради. Бу юртда тезроқ барқарорлик бўлиб, қадим замонлардан давом этиб келган савдо алоқалари кенгайишидан халқларимиз бирдек манфаатдор.
Президентимиз 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёда изчил тараққиётни таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади. Ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги конференцияда Афғонистоннинг минтақадаги иқтисодий жараёнларга қўшилишига кўмаклашиш биринчи галдаги вазифалардан эканини қайд этди. Ушбу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Афғонистонда
тинчлик ўрнатиш бўйича конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Бўлажак конференция қўшни давлатда тинчлик бўлишидан манфаатдор томонлар учун интерфаол майдон яратмоқда. Чунки Афғонистондаги тинчликдан нафақат минтақа, балки бошқа давлатлар ҳам манфаатдор. Бугун дунёда янги-янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Тошкент томонларни муросага келтириш бўйича аввал ҳам майдон вазифасини ўтаган. Ўзбекистон бу гал ҳам шундай эзгу жараёнларда фаол иштирок этмоқда.
Конференция кунлари матбуот марказида журналистлар учун Афғонистон тарихи, дунё ҳамжамиятидаги ўрни, халқининг ҳаёти ҳақида таниқли сиёсатшунослар, илмий доиралар вакиллари иштирокида семинар-тренинглар, шўъба йиғилишлари ўтказиш мўлжалланган. Ушбу тадбирларда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалга оширилган ишлар, ўтказилган сиёсий мулоқот гуруҳлари фаолияти ҳақида сўз юритилади, Ўзбекистон илгари сураётган амалий ташаббуслар бўйича фикр-мулоҳазалар тингланади. Ўйлаймизки, матбуот маркази анжуман давомида журналистлар учун холис ва тўлақонли ахборот олиш макони бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, халқаро конференция матбуот марказининг очилиши 23 март куни телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
Манба: ЎзА