Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
2018-03-17 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича тренер ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5368-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг:
“Бунёдкор” стадионини барча бино ва иншоотлари мажмуаси билан бирга (кейинги ўринларда “Бунёдкор” стадиони деб юритилади) футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини ташкил қилиш ва спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказиш юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг асосий базаси этиб белгилаш;
истиқболли ёш футболчиларни кейинчалик профессионал тарзда тайёрлаш ҳамда футбол бўйича миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсадида жойларда уларни танлаб олиш (селекция) ишларини амалга оширувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар ва ўсмирлар футбол академиялари, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил қилиш;
болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига ишга қабул қилинадиган футбол бўйича тренерлар номзодларини Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан мажбурий келишиш тартибини жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Футбол бўйича тренер ва ҳакамларни тайёрлаш республика мактабини тугатиб, футбол бўйича тренер ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вазифасини Ўзбекистон футбол ассоциациясига юклаш;
Ўзбекистон Футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиалларини тугатиш ҳамда бўшаган маблағларни Ўзбекистон футбол ассоциациясига йўналтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. 2018 – 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг:
фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси раҳбарлари вазифасини фуқаролар йиғинлари раислари ўринбосарлари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилар зиммасига юклаш;
фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, фуқаролар йиғинларининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиялари:
футбол ва бошқа спорт турларини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш, маҳаллаларда истиқомат қилувчилар орасидан истиқболли ва иқтидорли болалар ва ёшларни танлаб олиш (селекция) ишларини ташкил этиш масалаларида туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар ва ўсмирлар футбол академиялари, спорт федерация (ассоциация)ларининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади;
маҳаллаларда футбол майдонлари ва бошқа спорт иншоотларини ободонлаштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига кўмаклашади.
5. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда:
маҳаллаларда футбол майдонлари қурилишини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартларида қурилишини назарда тутувчи “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастурини;
фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни моддий рағбатлантириш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарорлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг:
ҳомийлик маблағлари ва Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини молиялаштириш манбаси этиб белгилаган ҳолда,
ўзбек футболининг 105 йиллигига бағишлаб Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида замонавий футбол стадиони қуриш;
ҳомийлик маблағлари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ва Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини молиялаштириш манбаси этиб белгилаган ҳолда, суд томонидан давлат даромадига ўтказилган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” дам олиш маскани негизида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Қўқон шаҳрида футбол стадиони қурилишини ва Бўстонлиқ туманида ўқув-машғулот базасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолиятини танқидий ўргансин ва натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
уларнинг негизида 14 та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказиш ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолишни;
футбол бўйича бошқа давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларини ҳудудларда спорт турларини ривожлантириш зарурати
ва устуворлигини инобатга олган ҳолда, бошқа олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан спортнинг ўйин турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига қайта ихтисослаштиришни;
болалар ва ўсмирлар футбол академияларига, шунингдек, қайта ихтисослаштирилаётган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига бериладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашни босқичма-босқич амалга ошириш дастурини тасдиқлашни;
ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларидаги футбол бўлимларини қисқартириш ва бўшаётган ўқувчи қабул қилиш квоталарини олимпия ва миллий спорт турларига, шу жумладан спортнинг ўйин турларига йўналтиришни;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини “Бунёдкор” стадионига жойлаштиришни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
“Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖ “Бунёдкор” стадионидан фойдаланувчи ташкилот ҳисобланади;
“Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖни (кейинги ўринларда – Дирекция), шунингдек, “Бунёдкор” стадионини сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатларини молиялаштириш манбалари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Дирекция маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бир ой муддатда “Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖнинг таъсис ҳужжатларига Дирекция Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида фаолият юритишини назарда тутган ҳолда тегишли ўзгартишлар киритилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Молия вазирлигининг қуйидаги маблағларни:
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар республика Календарь режасида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларини;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағларини;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағларини;
ҳомийлар ва хайрия қилувчиларнинг маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағларни Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолиятини ва унга юклатилган вазифаларни молиялаштириш манбалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
10. 2023 йил 1 январга қадар қуйидагилар:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари – барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари – белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ футбол бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари);
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари томонидан жалб қилинадиган хорижий мутахассислар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинсин.
11. Белгилаб қўйилсинки:
фойда солиғини ҳисоблашда юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган ҳомийлик ва хайрия ёрдами шаклидаги маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади;
футбол бўйича машғулот ва йиғинларни ўтказиш вақтида футболчилар ва бошқа мутахассислар (тренер, ҳакам, инструктор), шу жумладан хорижий мутахассисларнинг спорт озиқ-овқатлари билан овқатланишини, шунингдек, уларни мукофотлаш (рағбатлантириш)ни ташкил этишга сарфланадиган маблағлар жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳисобланмайди.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциациясининг талабномаларига кўра хориждан жалб этиладиган мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда кириш визаларининг расмийлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциациясининг талабномаларига кўра хориждан жалб этиладиган мутахассисларга давлат божи ундирмаган ҳолда кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилиши, берилиши ва муддатининг узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилиши ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциациясининг талабномаларига кўра ўрнатилган тўловларни ундирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасига чет эл мутахассисларини жалб этишга рухсатномалар берилиши (узайтирилиши)ни, шунингдек, кўрсатилган чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (узайтирилиши)ни белгиланган тартибда таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда “Бунёдкор” стадионининг Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарияти ва маъмурий таркиби (аппарати)нинг намунавий тузилмасини янгилаш, шунингдек, уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш;
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х.Исраилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси У.М.Ахматжанов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 март
Манба: ЎзА