Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш янги босқичда
2018-03-15 | Жамият
Юртимизда 117 йўловчи автовокзали ва автостанцияси фаолият олиб бормоқда. Бугун Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига 133 йўналишда 1 минг 456 автобус хизмат кўрсатади. Булар 645 “Mercedes-Benz”, 51 “MAN”, 752 “Isuzu” ва 8 “Hyundai” русумли автобуслардир. Бу каби автобуслар қатнови Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари, туман ва шаҳарларда, қишлоқ жойларда ҳам жорий этилаётгани қувонарлидир. Муҳими, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифати замон талаби даражасида яхшиланиб бормоқда.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан соҳада амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур қарор билан 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланди. Унда янги автобус йўналишларини ташкил этиш, мавжуд автовокзаллар ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, 2018 йил 1 июлгача Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларидаги йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, ҳаракатланиш жадвалига қатъий риоя этилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Тадбирда соҳада амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, агентликнинг халқаро фаолиятига доир маълумотлар келтирилди.
2017 йилнинг 30 октябридан 3 ноябригача бўлган даврда Хитой ва Қирғизистон билан “Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар” йўналиши бўйича илк маротаба халқаро автокарвон ўтказилди.
Жорий йилнинг 25 февралида “Ўрта Осиё Транс” АЖнинг юк автотранспорт воситаларига “Универсал дилер” МЧЖ томонидан 140 тонна дуккакли маҳсулотлар юкланди ва Қашғарга жўнатилди.
Тошкент шаҳри ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри ўртасида автобуслар қатнови йўлга қўйилди. 2018 йил 5 январь куни илк синов қатнови амалга оширилди.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, келгусида миллий юк ташувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида “Миллий логистика портали” ташкил этилади.
Шунингдек, агентлик зиммасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг “Интеграциялашган транспорт бошқаруви тизими” концепцияси ва битимини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда қатнашиш вазифаси турибди. Бунда ташкилотга аъзо давлатлар билан музокаралар олиб борилиб, инвестициявий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилади ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалалари кўрилади.
Бироқ тизимда салмоқли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳамон айрим муаммолар мавжуд. Аҳоли транспорт хизматидан тўлиқ рози эмас. Жумладан, автобуслар айрим бекатларда кўпроқ тўхтаб туриши, қатнов жадвалларига риоя этилмаслиги, тунги вақтда қатновларнинг барвақт тўхташи, чипталарнинг ҳар доим ҳам сотилмаслиги каби ҳолатлар учраб турибди. Айниқса, эрталабки ва кечки “тиғиз вақт”ларда автобуслар тирбандлиги кузатилади. Ҳатто айрим йўналишдаги автобуслар баъзи бекатларда йўловчилар тирбандлиги учун тўхтамай ўтишга мажбур бўлмоқда.
Шу боис автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль транспортида ташишлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда автотранспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида жорий йил 6 мартда Президентимизнинг “Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат тизимда янги ривожланиш босқичини бошлаб бериши таъкидланди.
Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг дарё транспорти соҳасидаги ваколати Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди. Ҳокимликлар таркибидаги шаҳар йўловчи транспортини бошқариш органлари эса ташкилотнинг тегишли ҳудудий бошқармаларига бирлаштирилмоқда.
Қарорда “Ўзавтотранс” агентлигининг фаолиятини автоматлаштириш ҳамда давлат интерактив хизматларини кенгайтириш мақсадида бир қанча ахборот тизимларини жорий этиш назарда тутилган. Янги автобус йўналишларини ташкил этиш, айниқса, чекка минтақалардаги аҳолининг транспортга эҳтиёжларини қондириш мақсадида қишлоқларни марказлар билан боғловчи йўналишларни очиш мақсади ҳам ўз аксини топган. Шу билан бир қаторда, қўшни давлатлар ҳамда Россия билан халқаро йўналишларни очиш режалаштирилмоқда. Бу борада автобуслар харид қилиш кўзда тутилган, тадбиркорлар давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинмоқда.
Йил давомида 571 та янги автобус харид қилиниб, йўналишларга қўйилиши режалаштирилган. 108 та янги йўналиш очилиши натижасида уларнинг умумий сони 4 минг 483 тага етказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган жами 1 минг 610 та автобусда йўловчилар ташиш юзасидан доимий равишда марказлаштирилган мониторинг, яъни GРS “онлайн” режимида масофадан кузатиш тизимини жорий этиш ишлари якунига етказилади. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва шаҳарларда йўловчиларни ташувчи 2 минг 435 та автобусда йўлкира учун нақд пулсиз тўлов тизими ишга туширилади.
Манба: ЎзА