Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳақида якуний хулосаларини маълум қилди
2018-03-15 | Иқтисодиёт
Халқаро валюта жамғармаси экспертлар гуруҳи жорий йил 26 февраль – 13 март кунлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган банк-молия, иқтисодиёт, солиқ, статистика тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини ўрганди.
Бу ҳақдаги якуний хулосаларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича департаменти директори маслаҳатчиси Альберт Егерь матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқда. Улар орасида жаҳон молия тизимини мониторинг қилувчи институт – Халқаро валюта жамғармаси алоҳида ўрин тутади. Дунёнинг исталган мамлакатидаги молиявий-иқтисодий вазият ҳақида мазкур ташкилот тақдим этган ахборот жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳаққоний ва холис, деб қабул қилинади.
Халқаро валюта жамғармаси экспертлари Ўзбекистонда 2017 йилда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолади. А.Егернинг фикрича, мамлакатда валютанинг эркин конвертацияси жорий этилгани тўғри қарор бўлди. Айни пайтда иш ўринлари яратиш масаласи энг устувор вазифалардан бўлиб турибди. Ўтган йили бу масалани ҳал этиш борасида дадил қадамлар ташланди –тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга имкон қадар эркинлик яратиш, солиқ ва божхона масалаларида имтиёз ва преференциялар бериш юзасидан кўплаб қарорлар қабул қилинди.
Экспертлар прогнозига кўра, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар 2018-2019 йилларда иқтисодий ўсиш суръатини 5 фоизга ошириш имконини беради.
Шунингдек, мутахассислар қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ўз маҳсулотлари билан савдо қилаётган соҳадаги ишбилармонларни рағбатлантиришнинг самарали тизими хусусий тадбиркорлар, корхоналар ва фермер хўжаликларининг молиявий мустақиллигини таъминлашда муҳим қадам, деб ҳисобламоқда.
Экспертлар жадал иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошираётган Ўзбекистон бутун минтақа фаровонлиги учун катализатор вазифасини ўташи мумкинлигини таъкидлади.
Манба: ЎзА