Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Журналистлар учун логистика марказига медиа тур уюштирилди

2018-03-14 | Жамият

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот ва агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан журналистлар учун Тошкент вилоятида жойлашган “Highway Logistics Center” масьулияти чекланган жамияти замонавий транспорт логистика марказига медиа тур уюштирилди.

Фонднинг “Давлат дастурларини амалга оширишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур медиа турда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 40 нафар иштирок этиб, уларга замонавий транспорт логистика марказининг имкониятлари ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш мақсадида кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона тартиб-таомилларига алоҳида урғу бериб, соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар бўйича топшириқлар берилган эди. Президентимиз ўз Мурожаатида божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги, бугунги кунда тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири ҳисобланиши, жумладан, импорт товарлари ҳар бир божхона режимида алоҳида-алоҳида текширувдан ўтказилиши, уларнинг турига қараб мувофиқлик, гигиеник ёки ветеринария бўйича сертификатларсиз божхона омборидан чиқаришга йўл қўйилмаслиги, божхона омборлари экспресс-лабораториялар билан жиҳозланмаганлиги алоҳида кайд этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ривожланган давлатларда божхона кўриги хавф-хатардан огоҳ этиш тизими орқали амалга оширилиши, бу ҳам давлат ресурсларини, ҳам тадбиркорларнинг вақтини тежаши, келгуси йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказишни жорий этиш бўйича топшириқ берган эдилар.

Қайд этилган йўналишлардан келиб чиқиб, бугунги кунда божхона органлари томонидан амалий тадбирларга алоҳида эьтибор қаратилмокда. Бунга мисол сифатида республикага олиб кирилаётган ва ундан олиб чиқилаётган товар ва транспорт воситалари фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида бир маротаба божхона кўригидан ўтказилиши, шунингдек, аэропортдаги божхона постларида фуқароларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказиш жорий қилинганлиги бугунги кундаги ислоҳотларнинг дебочаси бўлиб, юртдошларимизга манзур бўлмоқда.

Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 5 январь куни Тошкент вилояти сафарида “Highway Logistics Center” транспорт логистика марказига ташрифи чоғида божхона тартиб-таомилларини соддалаштирилган ва инновацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилиши ҳамда хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини амалиётга жорий қилиниши борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, мазкур комплекс мисолида ушбу тажрибани республиканинг барча ҳудудларида татбиқ қилиш ва намуна сифатида кўрсатиш лозимлиги кайд этилганини айтиш жоиз.

Белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси билан “Highway Logistics Center” транспорт логистика маркази ҳамкорлигида кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва шу асосида божхона расмийлаштируви вақтини камайтиришга ва тезлаштиришга қаратилган тартиб-таомиллар режали ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Тадбирда йиғилиш қатнашчиларига мазкур комплексда тартиб-таомилларни амалиётга жорий этиш босқичлари, хусусан табдиркорлик субъектига қулай шарт-шароит яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда сансалорликка барҳам бериш мақсадида жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий иннновацион технологиялар асосида соддалаштирилган, кам вақт ва маблағ сарфланадиган божхона расмийлаштируви, товарлар экспертизаси ва тегишли рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштируви жараёнлари хақида батафсил маьлумот берилди.

Божхона терминалида “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеринария, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Ўсимликлар карантини Давлат инспекциясининг сертификатлаш идораларининг пунктлари яратилган бўлиб, ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ягона экспресс-лаборатория фаолияти намойиш этилди.

Божхона терминалида божхона расмийлаштируви ва рухсатнома ҳужжатларини олиш билан боғлиқ тартиботларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, келгусида қисқа муддатларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, экспертиза органлари томонидан товарларни божхона омборига туширишнинг дастлабки жараёнида иштирок этиши, намуналарни ишчи тартибда олишини ва тегишли рухсатнома ҳужжатларини тезкор тақдим этиши, товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) кодини аниқлаш бевосита ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг ўзида экспресс-лабораторияларда ўрнатилган махсус замонавий дастгоҳлар ёрдамида аниқлаш имкониятлари яратилаётганлиги билдириб ўтилди.

Шунингдек, катта ҳажмдаги юк ташувчи маҳаллий ва ҳорижий автотранспорт воситаларида юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиши ва ташувчиларга рухсатнома ҳужжатларини беришга доир жараёнларни соддалашган тартибда амлга оширилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бундан ташқари, божхона терминалида экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида “хавфни бошқариш” тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўриги ўтказиш лойиҳалари таништириб ўтилди. Янги “хавфни бошқариш” тизими - бу ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча белгиланган божхона қоидаларини бузганларни эса тўғри йўлга бошлаш мақсадида яратилаётган тизимдир.

Бунда, йиллар мобайнида божхона органларида тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича тўпланган ахборот базаси маълумотларни таҳлил қилиш натижасида тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш механизмини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш мақсадида мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш, хусусан божхона органлари фаолиятига доир жорий қилинган 20 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини янада фаоллаштириш, янги электрон хизматларни жорий этиш назарда тутилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, чора-тадбирлар аввало ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш омилларига қаратилаётганлиги тадбирда алоҳида эътироф этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда янги ислоҳотлар, лойиҳалар ва яратилаётган қулайликлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Семинар-тренингда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Шу куни журналистлар тўқимачилик корхоналаридан бирида ҳам бўлиб, бу ердаги фаолият билан яқиндан танишишди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Поделиться