Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

156 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди

2018-03-13 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ҳудудий солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «Ишонч телефон»лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта давомида “Ишонч телефон“лари орқали 119 та, шундан 7 та юридик ва 112 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.

Ҳуқуқбузарлик учун жавоб бериш керак

Фуқаролар ва жамоатчиликнинг мурожаатлари юзасидан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган солиқ назорати тадбирлари натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида 1066 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Ўтказилган профилактик ва тушунтириш ишлари натижасида тўғри хулоса чиқариб, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 156 нафар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган 910 нафар шахсга нисбатан 258,3 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Шу жумладан:

- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 7 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига асосан 1,2 миллион сўм, шундан:

а) харидорга товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш (хизмат кўрсатиш) ҳолатлари бўйича 2 нафар шахсга нисбатан 0,3 миллион сўм;

б) назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича 3 нафар шахсга нисбатан 0,5 миллион сўм;

в) тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича 1 нафар шахсга нисбатан 0,2 миллион сўм;

г) нархларни асоссиз равишда ошириш ҳолатлари бўйича 1 нафар шахсга нисбатан 0,2 миллион сўм маъмурий жарималар;

- бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 56 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддасига асосан 48,2 миллион сўм;

- уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 202 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 160-моддаси 2-қисмига асосан 34,8 миллион сўм;

- даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 67 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси 3-қисмига асосан 11,5 миллион сўм;

- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 77 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 1-қисмига асосан 13,3 миллион сўм;

- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 4 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасига асосан 3,4 миллион сўм;

- солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган корхоналарнинг 378 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 1-қисмига асосан 65,1 миллион сўм;

- дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 16 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 3-қисмига асосан 27,5 миллион сўм;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган корхоналарнинг 103 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 6-қисмига асосан 53,2 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться