Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада байрам сайлларига тадорик
2018-03-13 | Жамият
Наврўз – ўзининг маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона Янги йил дебочаси. Ушбу айёмни халқимиз ҳар йили кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан нишонлайди. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бу айёмни муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, маънавият тарғиботчиларидан иборат тарғибот гуруҳлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётир.
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида Наврўз сайллари бошланиш арафасида. 14 март куни Қувасой шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам тадбирида маданият ва дам олиш масканлари қошидаги ашула ва рақс халқ ансамбллари, фольклор-этнографик ва турли бадиий жамоалар, таниқли эстрада хонандалари иштирок этади. Шаҳарнинг қўшни давлат билан чегара ҳудудида жойлашган “Полмон”, “Найман”, “Боғбон”, “Ҳамдўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида сумалак пиширилиб, ҳудуднинг ўзига хос Наврўз удумлари асосида кенг нишонланади. Тадбирларда Қирғизистондан ҳам меҳмонлар иштирок этади.
Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Шерзод Полвоновнинг айтишича, вилоят марказида байрам тадбирлари 4 ҳудудда ташкил этилади. Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройи хиёбони, Қиргули мавзеси, Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи ва Қувасой кўчасидаги “Ором” боғида айни кунларда сайлларга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳардаги маҳаллаларда, ташкилот ва корхоналарда турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: ЎзА