Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ашхободда “Made in Uzbekistan” миллий саноат кўргазмаси ташкил этилади
2018-03-12 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркманистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказиладиган кўргазма жорий йилнинг 29-31 март кунлари Ашхобод шаҳрида ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, кўргазма доирасида ўзбекистонлик маҳаллий ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган 100 дан зиёд йирик саноат корхоналари иштирок этиши кўзда тутилган.
“Кўргазмани ташкил этишдан мақсад – Туркманистон бозорларига мамлакатимизнинг маҳаллий саноат корхоналари маҳсулотларини етказиб бериш ва қардош туркман ишбилармонларини мамлакатимиздаги инвестициявий муҳит билан яқиндан таништиришдан иборат”, дейди Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати раҳбари Д. Рўзиметова.
Шунингдек, кўргазма туркманистонлик ва бошқа хорижий компаниялар билан савдо-шериклик бўйича шартномалар тузиш, икки мамлакат ишбилармонлари учун бирдек манфаатли бўлган инвестициявий лойиҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшни мамлакат ишбилармонларига мамлакатимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти, маданий-тарихий мероси ҳақида атрофлича маълумот бериш каби мақсадларни қамраб олган.
Кўргазма 2 блокдан иборат бўлади. Биринчи бўлим қишлоқ хўжалиги ва саноат учун зарур асбоб-ускуналар намойиш этилиши учун мўлжалланган бўлса, асосий – иккинчи бўлимда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари тақдим этилади.
Шунингдек, тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Улуғбек Шоназаров тайёрлади.
Манба: ЎзА