Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ташриф самарали бўлди

2018-03-10 | Сиёсат

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари ўзи учун ажратилган қароргоҳда Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровни қабул қилди. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам амалий қадамлар ташланди. 

Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи ғоят самарали кечаётгани, томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича якдил келишувларга эришилгани қайд этилди. Айниқса, давлат чегараси бўйича шартнома ва фуқароларнинг ўзаро қатновига қулайлик яратишга оид битим мамлакатларимиз муносабатлари, халқларимизнинг дўстона алоқаларига замин бўлиши алоҳида таъкидланди. Автомобиль ва темир йўлларнинг очилгани, Ишбилармонлар кенгаши тузилгани ҳам бу борада муҳим ўрин тутади. 

Шукуржон Зуҳуров билан суҳбатда олий даражада имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Қонун чиқарувчи органлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашувни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. 

Президентимиз томонларнинг ҳамкорликка оид мулоқотлари мунтазамлик касб этиши йўлида муҳим қадамлар ташланганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раисини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун юртимизга таклиф қилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. 

Суҳбат чоғида 9 март куни бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир барча масалалар муҳокама этилиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди. Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик каби соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича имзоланган ҳужжатлар юқори баҳоланди. 

Мулоқотда мазкур келишувларни бажариш, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини кўпайтириш ва таркибини диверсификация қилиш, бизнес учун қулай муҳит яратиш масалаларига эътибор қаратилди. 

Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режаси икки мамлакат ҳукуматларига катта масъулият юклаши қайд этилди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини, бунинг учун барча зарур шароит яратилишини таъкидлади. 

Қоҳир Расулзода Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси сифатида ўзаро манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқиш, қўшимча имкониятлар бўйича таклифлар тайёрлашга алоҳида аҳамият беришини қайд этди. 

Икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, транзит юк ташишни кўпайтириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. 

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи якунига етди. 

Душанбе халқаро аэропортида мамлакатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон кузатиб қўйди. 

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу ташриф асносида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради. 
 

Тошкент – Душанбе – Тошкент
 

Абу Бакр Ўрозов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться