Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентлараро ҳамкорлик ривожлантирилади
2018-03-10 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида 10 март куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровни қабул қилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам амалий қадамлар ташланди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи ғоят самарали кечаётгани, томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича якдил келишувларга эришилгани қайд этилди. Айниқса, давлат чегараси бўйича шартнома ва фуқароларнинг ўзаро қатновига қулайлик яратишга оид битим мамлакатларимиз муносабатлари, халқларимизнинг дўстона алоқаларига замин бўлиши алоҳида таъкидланди. Автомобиль ва темир йўлларнинг очилгани, Ишбилармонлар кенгаши тузилгани ҳам бу борада муҳим ўрин тутади.
Шукуржон Зуҳуров билан суҳбатда олий даражада имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Қонун чиқарувчи органлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашувни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз томонларнинг ҳамкорликка оид мулоқотлари мунтазамлик касб этиши йўлида муҳим қадамлар ташланганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раисини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун юртимизга таклиф қилди.
Манба: ЎзА