Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қурилиш материалларининг турлари 120 тага етказилади
2018-03-09 | Жамият
Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган саккиз мингга яқин корхона фаолият кўрсатади. Айни пайтда улар 100 дан ортиқ турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқармоқда.
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги 97 корхона бугунги кун талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, аҳолини сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш, тармоқни модернизация қилиш орқали импорт ҳажмини камайтириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жамиятда ўтган йили 3 триллион 113 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилди. Шунингдек, жамият таркибидаги корхоналар томонидан 113,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 103,2 миллиард сўмлик 9 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2017 йили Инвестиция дастури доирасида 13 лойиҳага 73,3 миллион долларлик инвестиция маблағлари жалб этилди.
Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Б.Зарипов, Жанубий Кореянинг “SY Panel” корхонаси вакили Сео Жунг Хо, Туркиянинг “Dal Technik Makina” компанияси вакили М.Дюрак ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳалар қаторида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, 2017 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар доирасида умумий қиймати 586,9 миллион долларлик 2 минг 167 лойиҳа ишга туширилиб, 28,3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
– Мақсадимиз аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб беришдан иборат, – деди «Qizilqumsement» акциядорлик жамияти бўлими бошлиғи Зайниддин Қурбонов. – Бор имкониятлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамизнинг йиллик қуввати 3 миллион 500 минг тоннани ташкил этади. Яқинда экспортни ошириш мақсадида оҳакни майдалаш йўлга қўйилди.
Тадбирда жорий йилги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Режага кўра, қурилиш материалларининг тури 105 тадан 120 тага етказилади. Жумладан, катта ўлчамли керамик плиткалар, глазурли керамик плиткалар, керамогранит, стеклокристалит, базальт толали материаллар, композит арматура, юқори маркали цемент, чоксиз металл қувурлар ва бошқа кўплаб қурилиш материаллари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Манба: ЎзА