Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи савдо вазирлигида Жанубий Африканинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2018-03-09 | Иқтисодиёт
2018 йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Жанубий Африка Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси (қароргоҳи Анқара шаҳрида) Пуле Исаак Малефан билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Жанубий Африка томони, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш ва инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро бизнес фаоллигини ошириш учун қулай муҳит яратилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
ЖАР делегациясига, Ўзбекистон томонидан, иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш учун, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Иккала томон, ҳам ҳукумат, ҳам ишбилармонлар даражасида узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш орқали савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдиришди.
Ташқи савдо вазири ўринбосари С.Саифназаров: “Географик масофага қарамасдан, мамлакатларимиз турли соҳаларда ўзаро савдо-сотиқни кенгайтириш учун сезиларли салоҳиятга эга. Ўзбекистон ва Жанубий Африка ишбилармон доираларининг ташрифлари икки мамлакатнинг савдо ва сармоявий имкониятлари билан танишиш ва мавжуд захираларни ишга тушириш имконини беради.”
Учрашув давомида, ЖАР томонидан икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш мақсадида, Ўзбекистонга ЖАРнинг фахрий консули тайинланишига фаол ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида маълумот берилди.
Дипломатик миссия раҳбари, 2018 йилнинг биринчи ярмида ЖАР ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди ва томонлар ҳақиқий натижаларга эришиш учун бўлиб ўтадиган учрашувларни батафсил ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги