Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаёт гули, жамият таянчини ҳамиша эъзозлаймиз
2018-03-08 | Жамият
Она диёримиз узра кўклам нафаси уфуриб турган шу кунларда барчамиз баҳор ва аёл деган ардоқли сўзларнинг бир-бирига нақадар ҳамоҳанг ва уйғун эканини беихтиёр ҳис этамиз. Чунки, баҳор ҳам, аёл ҳам инсон кўнглида аввало ҳаётга муҳаббат, эзгу орзу-интилишлар, меҳр ва саховат каби олижаноб ҳиссиётларни уйғотади.
Пойтахтимизнинг “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унга Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фидокорона фаолият олиб бораётган аёллар, иқтидорли қизлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари сафидаги хотин-қизлар таклиф этилди.
Байрам иштирокчилари дастлаб Мустақиллик ва эзгулик монументи – Бахтиёр она ҳайкали пойига гул қўйди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Тантанали тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини табриклади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётида ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастурамал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 500 нафардан зиёд фан доктори ва академик, 15 нафар Ўзбекистон қаҳрамони, 17 сенатор, 16 депутат бор, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини ҳамда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Бу йилги байрам тадбири ҳар йилгидан кўтаринки руҳда ўтмоқда. Жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёлларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бир гуруҳ қизлар аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Эътиборли жиҳати, улар сони 28 нафарга етди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокчи аёлларга юксак мукофотларни тантанали равишда топширди.
Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Манба: ЎзА