Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Россия молия вазирини қабул қилди
2018-03-06 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар, эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги чора-тадбирлар мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, кўп қиррали, шу жумладан, молиявий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, юқори тоифада ва экспертлар даражасидаги ўзаро ташрифлар ва икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда, илғор тажриба ва билим алмашиш борасида фаол иш олиб борилмоқда, қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш ва мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Молия вазири давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Антон Силуанов Россия мамлакатларимиз ўртасида молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти