Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Учинчи сектор” субъектларининг дастур ва лойиҳалари учун 17,7 миллиард сўм маблағ ажратилди
2018-03-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.
2017 йилда парламент ҳузуридаги Жамоат фонди “учинчи сектор” субъектларининг 264 дан ортиқ дастур ва лойиҳасига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 12,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ вакилларига қилган Мурожаатида аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий фаоллигини юксалтириш муҳим вазифалардан этиб белгиланган.
Шу мақсадда Парламент комиссияси йиғилишида 2018 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари дастур ва лойиҳаларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 17,7 миллиард сўм миқдорида қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари ҳамда ҳажмлари кўриб чиқилди. “Учинчи сектор” субъектларининг дастур ва лойиҳаларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдори ўтган йилга нисбатан 1,4 баробарга ошганлиги таъкидланди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшлар соғлиғини реабилитация қилиш шарт-шароитларини янада яхшилашга кўмаклашиш, аҳолининг экологик маданиятини, фуқаро муҳофазаси соҳасида билим ва кўникмаларини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, яқин қўшничиликни, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга 3 миллиард сўмлик давлат ижтимоий буюртмалари тақдим этилади.
Умуман, 2018 йилда давлат томонидан ННТ ва ОАВларининг 280 та дастур ва лойиҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институти иштирокини таъминлаш белгиланди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА