Жорий йилнинг 22 февраль – 5 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди. Унда кадетларимиз сабля йўналишида кумуш ва бронза медалига сазовор бўлди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, спорт мухлислари кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси раиси У.Аҳмаджонов ва бошқалар мамлакатимизда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор спортчиларимизнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқларида яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда икки мингга яқин спортчи қиличбозлик билан мунтазам шуғулланмоқда. Қиличбозлик бўйича 2015 йил пойтахтимизда кадетлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун қатор давлатлар даъвогарлик қилган эди. Халқаро қиличбозлик федерацияси Ўзбекистонда спорт, жумладан, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган қиличбозликни ривожлантиришга доимий эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизнинг нуфузли спорт анжуманларини юқори савияда ўтказиш борасидаги бой тажрибаси ҳамда замонавий спорт инфратузилмаси мавжудлигини инобатга олиб, мазкур чемпионатга мезбонликни Тошкент шаҳрига топширди.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан чемпионатни юқори савияда ўтказиш, мусобақа ташкил этиладиган спорт мажмуаларининг халқаро стандартларга мос келишини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарорига мувофиқ Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси жойларда ёшларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш, спортчи ва мураббийларнинг маҳоратини ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳудудий федерациялар фаолият кўрсатмоқда. Олимпия захиралари коллежлари ва спорт мактабларида қиличбозлик бўлимлари ташкил этилган. Спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва муносиб иштирок этиши учун қулай имкониятлар яратилмоқда.
Қиличбозлик спортини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Умид” теннис академиясининг спорт залида мазкур спорт турининг шпага йўналишида машғулотлар ўтказиш учун жаҳон стандартларига тўғри келадиган шароит яратилди. “Ёшлик” спорт мажмуасида қиличбозликнинг сабля йўналишида шуғулланиш учун 700 квадрат метр бўлган зал фойдаланишга топширилди.
Эстониялик мураббий Игорь Чикинёв мамлакатимиз терма жамоасига жалб этилди.
– Ўзбекистонда қиличбозлик билан шуғулланиш учун жуда яхши шароитлар яратилган, – деди мураббий Игорь Чикинёв. – Бундай шароит кўплаб давлатларда йўқ. Мен сўнгги беш йил ичида Эстонияда ишладим. Ўз вақтида Швеция, Эстония терма жамоаларида фаолият олиб борганман. У ердаги тизимларнинг барчаси бир-биридан фарқ қилади. Шуниси аниқки, ўзбекистонлик ёшларда иқтидор ва салоҳият бор.
2017 йилнинг декабрь ойида Президентимиз ёш спортчиларни эришаётган юқори натижалари билан қутлаб, қиличбозлик бўйича халқаро турнирлар совриндори Зайнаб Дайибековага “Nexia” автомобилини совға қилди.
Осиё чемпионати сабля йўналишидаги жамоавий баҳсларда қатнашган кадетларимиз чорак финалда Иордания терма жамоасини 45:23, ярим финалда қувайтлик тенгдошларини 45:44 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди.
Чемпионатда терма жамоамиз таркибида Чирчиқ олимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси Жалолиддин Душамбоев, Қорақалпоғистон Республикаси агро ва сув хўжалиги коллежи ўқувчиси Шерзод Мамутов, Қорақалпоғистон Республикаси 2-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Пазил Генжебаев, Тошкент шаҳридаги 34-мактаб ўқувчиси Бобир Расулов иштирок этди.
Қизлар ўртасидаги сабля йўналишида ҳамюртларимиз чорак финалда Япония терма жамоасини 45:43 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Чемпионатда терма жамоамиз шарафини Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Зайнаб Дайибекова, Тошкент шаҳри рассомчилик коллежи ўқувчиси Севинч Исмоилова, Тошкент шаҳри 300-мактаб ўқувчиси Шаҳноза Тоғаймуродова, Чирчиқ олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Севила Худойберганова ҳимоя қилди.
– Мусобақада шоҳсупага кўтарилганимиздан беҳад шодмиз. Келгусида Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз, – деди Зайнаб Дайибекова. – Чемпионат давомида халқимизнинг бизга бўлган ишончини доимо ҳис этиб турдик.
Қитъа чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчиларимиз ва уларнинг мураббийларига қиличбозлик федерацияси томонидан енгил автомобиллар топширилди.
Ўзбекистон қиличбозларининг Осиё чемпионатида эришган юксак натижалари мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, истеъдод эгаларини маҳоратли спортчилар этиб тарбиялаш тизими тўғри йўлга қўйилганидан далолатдир.
Қиличбозларимизнинг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиши ва ғалабага эришишида М.Федорович номидаги тиббиёт клиникаси, “Eriell” ва “UZDIGITAL-TV” компаниялари ҳамда Олмалиқ тоғ-металургия комбинати яқиндан кўмак бераётир.
Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА