Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дўстлик ва эзгу ният ташрифи
2018-03-04 | Сиёсат
2018 йил 5-8 март кунлари юртимизга Туркия парламентининг “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Х.Йилдиз бошчилигидаги Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси делегацияси ташриф буюради.
Ташриф дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашувлар ўтказиш белгиланган. Шунингдек, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати парламентлараро дўстлик гуруҳининг йиғилишини ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда. Ташриф доирасида давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари, ОАВ вакиллари билан Халқаро Пресс-клубнинг пресс-кофе форматида қатор учрашувлар ўтказиш, Самарқанд, Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиш, мамлакатларимизнинг парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси расмий делегациясининг Туркия Республикасига 2017 йил 25-26 октябрь кунлари амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди ва барча йўналишларда, шу жумладан, парламентаризм соҳасида ҳамкорлик муносабатларини янада жадаллаштиришда пойдевор яратди.
Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси делегациясининг бўлғуси ташрифи мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашиши шубҳасиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати