Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хомашё ниқобида остида 7,3 млрд. сўмлик товарларни олиб киришга уринганлар фош қилинди
2018-03-03 | Жамият
Амалдаги тартибларга кўра, республика ҳудудига қалбакилаштирилган маҳсулотлар ва товарларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш мақсадида божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.
Айни шу талабдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Республика транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда “Кафолат Пойафзал Инвест” маъсулияти чекланган жамият номига 2017 йилнинг ноябрь ойида Хитойдан келтирилган контейнер белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Юкка тегишли ҳужжатларга кўра, ушбу контейнерда қиймати 4,3 минг АҚШ долларидан ортиқ салкам 17 тонна полиуретан қопламали тўқимачилик матолари бўлиши лозим эди.
Божхона кўриги давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмади. Яъни, контейнерда ушбу товарларнинг ўрнига ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 81 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори ва косметика воситалари ҳамдабошқа товар-моддий бойликлар борлиги аниқланди.
Орадан салкам 1 ой ўтмай, ушбу корхона номига яна Хитойдан келтирилган 3 та контейнерда ҳам шу тахлитдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Қаранг-ки, бу гал устомонлар қадамни яна ҳам каттароқ олишган. Аввалги сценарийни такрорлаган ҳолда бу гал ҳам полиуретан қопламали тўқимачилик матолари ниқоби остида 38 турдаги халқ хўжалиги товарлари, кийим-кечаклар, маиший техника буюмлари ва бошқа товарларни олиб кирмоқчи бўлишган экан.
Баҳолаш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, 4 та контейнердаги жами 119 турдаги товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати салкам 7 млрд. 300 млн. сўмни ташкил қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига биноан ушбу товар-моддий бойликлар давлат эгалигига ўтказилди.
Айбдор шахсга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2-қисми “а” банди билан тегишли жазо тайинланди.
Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-71 - “Ишонч телефони” рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси