Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

"Маҳалла" ва “Нуроний” фаоллари мамлакатимиз халқига мурожаат билан чиқди

2018-03-02 | Жамият

Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига мурожаати қабул қилинди.

Кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, турли маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг асрий урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар оммалашмоқда. Тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган дабдабабозликка барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, керак-нокерак тадбирларни ўйлаб топиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари кучайиб бормоқда. 

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада одоб-ахлоқ мезонларини мутлақо унутиб, жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзлаётгани ҳам бор гап. Бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда ҳалол меҳнатга беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга уриниш, манманликка берилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда. 

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмоқда. 

Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Шу сабабли халқимизнинг табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. 

Тадбирда бир кунлик тўй деб, бутун умр йиққанини совуриш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноз-неъматларни исроф қилиш, сохта обрў орттиришга қаратилган ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонларга, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди. 

Шунингдек, анжуманда ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, оддий тарзда ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқиш, уларга қатъий амал қилиш бўйича ҳудудий, туман ва шаҳар кенгашларига аниқ тавсия ва тегишли топшириқлар берилди. 

Бундай маросимларни ўтказишда ҳаддидан ошган кимсаларни – уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъий назар – маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилиш, маслаҳат бериш ва тўғри йўлга солиш зарурлиги тушунтирилди. 

 
Моҳигул Қосимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться