Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланди

2018-03-02 | Жамият

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари А.Икромов, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, сенатор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, халқ шоири И.Мирзаалиев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти марказий кенгаши раиси ўринбосари М.Умаров журналистларнинг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясига таалуқли саволларига жавоб берди. 

Мазкур концепция Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарори билан тасдиқланган. 

Бугунги кунгача мазкур йўналишда мамлакат миқёсида ягона мувофиқлаштирувчи тизим, ягона марказ мавжуд бўлмаган. Энди эса бу масалалар Мудофаа вазирлигида ечим топади. 

Концепция ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг назарий асосларини тизимлашган ва изчил равишда баён қилиш, унинг дастлабки йўл-йўриқлари, мақсади, вазифалари, тамойил ва йўналишлари, шакл ва услублари, вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларининг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида мазкур фаолиятнинг самарадорлигини таъминлаш шартларини ифодалайди. 

Анжуманда китобхонликка қизиқишни ошириш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида урғу берилди. Маълум қилинганидек, Ёшлар иттифоқи томонидан ҳарбий қисмлар кутубхоналари фондини бойитиш учун қарийб ўн мингта китоб юборилган. Аскар бир йиллик хизмати давомида турли мазмундаги камида 45 та китоб ўқиши шартлиги айтиб ўтилди. 

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда спектакль, бадиий фильм ва клиплардан фойдаланиш ҳам катта аҳамиятга эга. Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида "Турон" театр-студияси очилгани муҳим янгилик бўлди. Театр-студия бадиий раҳбари С.Мелиев жамоанинг ижодий ютуқлари, ҳарбий қисм ва гарнизонларга сафари чоғида томошабинлар билан учрашувлари хусусида сўзлаб берди. 

Инсон тарбияси оиладан бошланади, сўнг мактабгача таълим муассасаси, мактаб, коллеж ёки институт, армияда давом этади. Ҳар бир босқичда ёшларнинг камол топаётган онгини ёт ғоялардан эҳтиёт қилиш керак. Концепция шу муҳим масалани ҳал этишга ҳам хизмат қилади.

 

Аблай Камолов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться