Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро стандартларга мос “Хавфсиз шаҳар”
2018-03-01 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” тизимига технология ва ечимларни жорий қилишга оид илғор тажрибани ўрганмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Алоқа тарихи давлат музейида бўлиб ўтган семинарда “Хавфсиз шаҳар” тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда Германиянинг “Siemens” концерни томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ишлаб чиқилган сўнгги ишланмалар намойиш этилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Германиянинг юртимиздаги элчихонаси, “Siemens” концерни вакиллари, коммунал хизмат ходимлари ва журналистлар иштирок этди.
Семинарда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А.Аҳмадхўжаев мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида илк таҳрирдаги “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий мажмуасини яратиш ва уни янада ривожлантиришга доир концепция ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Хавфсиз шаҳар” тизимини йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсад навбатчи-диспетчерлик хизматига келиб тушадиган жиноят ва воқеа-ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тизимини автоматлаштиришдан иборатдир.
Концепцияга мувофиқ, йўлларда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги 280 чорраҳада фото ва видеокамералар ўрнатиш режалаштирилган.
Пойтахтнинг ёнғин хавфсизлиги тизимига замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида тилсиз ёвга қарши курашда тезкорлик ошди.
– Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари назорат қилиб бўлмайдиган ёнғинларни аниқлаш тезлигини сезиларли даражада ошириб, уларнинг тури, даражаси ва мураккаблигини аниқлашга ёрдам беради, бу эса, ўз навбатида, ёнғинни ўчириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий мажмуасини ташкил этиш доирасида тузилган Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Ахборот-комуникация технологиялари ва алоқа маркази раҳбари С.Юров. – Марказ томонидан ёнғинларни аниқлаш ва уларни ўчириш тезкорлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Дастлаб реал вақт режимида пойтахтимизнинг электрон харитасини мунтазам янгилаб турадиган шаҳар геоахборот тизими ишлаб чиқилди. Бу ёнғин ҳолатлари аниқланганда, турли туманлардаги ёнғин хавфсизлиги ҳарбийлашган бўлимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ёнғинни бартараф этиш учун зарур бўлган ёнғин техникаси сони ва турларини аниқлаш имконини беради. Айни пайтда ёнғинларга оид барча маълумотлар ва телефон қўнғироқлари яқинда ташкил этилган Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига келиб тушади ҳамда туну кун навбатчилик асосида ишлайдиган диспетчерлар томонидан қайта ишланади.
Пойтахтимизнинг баланд иморатларига ёнғинларни имкон қадар эртароқ пайқаш имконини берувчи юқори аниқликдаги махсус камералар ўрнатилиши ёнғин хавфсизлигини таъминлаш энг истиқболли йўналишлардан бири бўлди. Ҳозирги кунда Тошкентнинг турли туманларида шундай камералар ўрнатиляпти. Улар ёрдамида 17 ёнғин ҳолати эрта аниқланди ва бартараф этилди.
Семинар доирасида “Siemens” концернининг “Хавфсиз шаҳар” концепцияси, логистика ва интеллектуал электрон тармоқларига доир техник ишланмалари намойиш этилди. Концерн мутахассислари турли мамлакатларда бундай тизимларни жорий этиш тажрибаси ва уларнинг натижалари ҳақида сўзлаб берди.
“Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий мажмуасининг истиқболлари ва имкониятлари муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА