Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Китоб тарқатувчилар” ассоциацияси тузилади
2018-02-28 | Жамият
Бу ҳақда Бухоро туманида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев маълум қилди.
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, айни кунда вилоятда китоб савдосига ихтисослашган 20 дўкон фаолият юритмоқда. Агентлик бош директори Л.Тангриев вилоятдаги мазкур китоб дўконлари эгалари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Дуч келаётган айрим муаммоларни бартараф этиш ва истиқболдаги вазифалар бўйича тавсиялар берди.
Таъкидланганидек, халқимизни китоб маҳсулотлари билан таъминлаш ва китобхонлик маданиятини ошириш учун "Китоб тарқатувчилар" ассоциациясини ташкил этиш зарур. Мазкур ассоциация харидорлар ва китоб дўконлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаб, ўзаро меъёрни белгилаб беради, таклифлар билдиради, бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишда кўприк вазифасини бажаради.
Китоб сотувчиларни ташкилий, услубий, илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиздаги нашриётлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишига кўмаклашиш, китоб савдоси менежментига ўргатиш, ўқувчиларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, нашриётларнинг нашр режаларини шакллантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишларда фаолият олиб боради.
Мамлакатимизда йилига 3 минг номдан зиёд, қарийб 60 миллион нусхада адабиётлар нашр этилмоқда. Лекин уларни жойларга арзон нархларда, тўғридан-тўғри етказиб бериш масаласида муаммолар мавжуд. Шуни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида “Китоб тарқатувчилар” ассоциацияси тузилиши белгиланган.
– Корхонамиз айнан китоб савдоси ва тарғиботи билан шуғулланади, – дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Book sale” корхонаси раҳбари А.Камолов. – Мазкур ассоциациянинг тузилиши ва вилоятларда ўз вакилига эга бўлиши биз, ҳар куни дуч келадиган муаммоларни бартараф этишда айни муддао бўлади, деб ўйлайман.
Шу кунларда ассоциациянинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда.
Манба: ЎзА