Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳоким инновацион ғоялар учун 65 миллион сўм ажратди

2018-02-28 | Жамият

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар келажак бунёдкори” шиори остида ёш тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар ҳамда ёшлар томонидан яратилган инновацион лойиҳалар ва маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.

Навбаҳор, Кармана туманлари ва Навоий шаҳридан иштирок этган ёшларнинг янги ишланмалари мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. 

Навбаҳор туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Бекзод Одилов барқарор муқобил энергия олиш манбаи лойиҳасини яратди. Иккита қувват батареялари ёрдамида ўзгармас электр энергиясини ўзгарувчан энергияга айлантириш ва бу жараёнда батареяларни ҳам қувватлаш ишконини берувчи “туганмас” энергия манбаини ишлаб чиқди. Бир оила эҳтиёжига етадиган бундай қурилмани яратиш учун 5 миллион сўм сарфлансада, у хонадонни узлуксиз 4 йил давомида чароғон қилиб туради. Бу инновацон ғоя истиқболи учун вилоят ҳокими 10 миллион сўм молиявий кўмак берадиган бўлди. 

Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ҳумоюн Ҳайдаровнинг ихтироси бундан-да ғаройиб. 

– “Smart Fun System”, яъни ақлли вентилятор лойиҳаси ҳар бир хонадон учун жуда асқотади, – дейди Ҳумоюн. – Хусусан, қурилма хона ҳароратини мўътадил сақлаб, иссиқлик ҳарорати 33 даражадан ошса вентилятор ишга тушиб, хонани совита бошлайди. Агарда уйда ис гази тўпланса, “эҳтиёт бўлинг хонада газ” ёзуви пайдо бўлиб, ўзидан огоҳлантириш сигнали тарқатади. 

Унинг мазкур лойиҳаси тақдимоти муваффақиятли ўтиб, изланишларини рағбатлантириш учун вилоят ҳокими 5 миллион сўм ажратди. 

Ҳумоюн жорий йил Тошкент политехника музейида ўтказилган “Ёш ихтирочи – 2018” танловининг мамлакат босқичида қатнашиб, “Энг яхши муҳандислик иши” номинацияси ғолиби бўлди. Унга яна бир имтиёз берилди: Асака шаҳридаги автомобиль заводига бир кунлик мақсадли саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритди. 

Ёш ихтирочининг биринчи иши масофадан туриб бошқариладиган рельсли минора крани лойиҳаси мутахассислар эътиборига тушган. У изланишда давом этмоқда. Навбатдаги ихтиро кичик ҳажмдаги автомобиллар учун мўлжалланган ҳамда кўчма музлаткич тез орада омма эътиборига ҳавола этилади. 

Тадбир давомида мамлакатимиздаги машҳур брендлар асосчилари, муваффақиятга эришган ва тажрибали тадбиркорлар иштирокида ёшлар учун “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди. “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги “Green line profil” қўшма корхонаси ҳамда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Навоий машинасозлик заводига саёҳат уюштирилди. Кўргазмада намойиш этилган инновацион лойиҳалар учун вилоят ҳокими 65 миллион сўм маблағ ажратди. 

Учрашувда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат),ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться