Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшларнинг энг яхши инновацион ғоялари
2018-02-26 | Иқтисодиёт
Қорақалпоғистонлик коллеж ўқувчилари эскирган автомобиль шиналарини қайта ишлаш орқали ёқилғи олиш, қашқадарёлик ёшлар сайёҳлар учун эсдалик совғалари тайёрлаш, пойтахтлик ўқувчилар “Коворкинг” марказида китоб мутолаасини ташкил этиш ғояларини таклиф этди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Савдо-саноат палатаси, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши ҳамда мазкур мамлакат элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Энг яхши инновацион фикр – 2018” танловининг якуний босқичи ана шундай инновацион ғоя ва ишланмаларга бой бўлди.
Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида инновацион ғояларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат унумдорлигини оширишда самарали ечимларни амалиётга татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилаётгани, иқтисодиёт ва саноатда, шунингдек, ижтимоий соҳада ахборот технологияларининг ўрни ортиб бораётгани бу фикрга тасдиқ бўла олади.
2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланиши инновацион ёндашувларни ҳаётга татбиқ этишда янги даврни бошлаб берди.
“Энг яхши инновацион фикр” танлови иқтисодиёт тармоқларига инновацион таклифларни жорий этиш мақсадида изланаётган кўплаб ихтирочи ёшларни бирлаштиряпти. Танловнинг бу галги мамлакат босқичида 14 жамоа ўзаро баҳс олиб борди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ёшлари мақсадли бизнес ғоясига эга жамоа сифатида биринчи ўринга лойиқ топилиб, ўз ғояларини амалга ошириш учун бошланғич сармоя сифатида 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Қорақалпоғистонлик ёшлар иккинчи, хоразмлик ёш ихтирочилар учинчи ўринни қўлга киритди.
– Жамоамиз туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида “QR” кодлари имкониятларидан фойдаланишга оид лойиҳа билан иштирок этди, – деди Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси М.Вафоева. – Биз тақдим этган ишланма ёрдамида сайёҳлар тарихий обидалар ҳақида маълумот, шифокорлар эса шошилинч ҳолларда беморнинг касаллик тарихи, қон гуруҳи ҳақида тезкор хабар олиши мумкин. Лойиҳа онлайн ва офлайн режимда бирдек ишлаши унинг оммавийлигини оширади. Мақсадимиз мамлакатимизда туризм соҳаси имкониятларини кенгайтириш ва самарадорлигини янада оширишга ҳисса қўшишдир.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Манба: ЎзА