Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар
2018-02-24 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил 23 февраль куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимини такомиллаштириш борасида берилган вазифалар ижроси, бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш борасида белгиланган чора-тадбирлар, бу борада аввал йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик бўйича қилинган ишлар” тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.
Мутбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.М.Мухитдинов очиб берди ва тизимда олиб борилаётган янги ислохотлар, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш, бандлик соҳасини янада такомиллаштириш, Халқаро алоқалар жумладан, ташқи меҳнат миграция масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Анжуман давомида Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Ф.Н.Суюнов меҳнат бозори ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида кўрилаётган тизимли чораларга тўхталди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида 2017 йилда ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 229,9 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 27,1 минг киши жамоат ишларига жалб этилди, 6,6 минг киши касбга ўқитилди ва кайта тайёрланди, 10,4 минг кишига ишсизлик нафақаси тайинланди.
Иш қидираётган фуқаролар учун қулайликлар яратиш мақсадида 2017 йилда 1218 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 59,3 мингга яқин иш берувчилар вакиллари ва 204,9 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этди. Ярмаркалар натижасига кўра 52,2 минг нафар шахс ишга йўлланма олди ва 133 мингдан ортиқ фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг намунали янги механизми асосида иқтисодиёт комплекси таркибига кирувчи барча ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимларига жами 1410 та коллеждаги 456,8 мингта битирувчилар бириктирилди. Битирувчиларини ишга жойлашганлигини мониторинги юритиш бўйича махсус ташкил этилган “college.mehnat.uz” ахборот тизими маълумотларига кўра 2016/2017 ўқув йили битирувчиларининг 332,8 минг нафарининг бандлиги таъминланди.
2018 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ 9936 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига 2017 йил учун 84 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2018 йил учун ушбу йўналишда ишларни янада ривожлантириш ва аҳоли даромадларининг ўсишига ҳисса қўшиш мақсадида 714 млрд. сўм ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3506-сон Қарори тасдиқланди. Қарор ўз мақсади билан аҳоли, айниқса ёшлар, кам таъминланган оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, янги саноат корхоналар қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига янги доимий иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлиги ва сифатини оширишга қаратилган.
Мазкур қарорга биноан 2018 йилда республика ҳудудларида 346,7 мингдан ортиқ иш ўринлари туман (шаҳар)лар кесимида ташкил этилиши белгилаб берилди. Хақ тўланадиган жамоат ишлари, вақтинчалик ва бир марталик ишлар, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ташкиллаштирилган тарзда чет элда ишга жойлаштириш ҳисобига 295,9 мингдан кўпроқ фуқарони бандлигини таъминлаш назарда тутилган.
Матбуот анжуманининг энг долзарб масалаларидан бири меҳнат миграцияси масалалари бўйича Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Р.Р.Ибрагимов батафсил ахборот бериб ўтди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2017 йил давомида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Ўтган 2017 йилда 2613 нафар фуқаро Корея Республикасига юборилди, 2710 нафар номзод эса корейс тилидан тест синовидан ўтган ва улар номига иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси йўлланган.
Россиянинг 24 та корхона ва ташкилотлари билан тузилган шартномаларга асосан танловлардан ўтган 922 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия Федерациясига юборилди.
Ўзбекистон фуқароларининг 17 нафари Японияга ташкиллаштирилган тартибда юборилиб, меҳнат фаолиятини амалга оширмоқдалар.
Россия, Корея, Япония, Польша билан ҳамкорликни кучайтириш, Қозоғистон, Германия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон Султонлиги билан 2018 йилда ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2018 йилда Корея ва Россия давлатларида ваколатхоналарини очиш режалаштирилган. Самарқандда 2017 йилда Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни мослаштириш ва ўқитиш маркази очилди, 2018 йилда худди шундай марказни Фарғона шаҳрида очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи С.С.Сулайманов тизимдаги олиб борилаётган меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат муҳофазаси бўйича маълумт бериб, “Электрон меҳнат ҳуқуқ инспектори” интерактив хизмати бўйича тақдимот ўтказди.
С.Сулайманов ўз маълумотида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси бўйича 2017 йил давомида Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари ва Давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан 12 мингдан зиёд ташкилотларда ўтказилган текширишлар юзасидан ахборот берди.
Инспекторлар томонидан меҳант қонунчилиги соҳасида аниқланган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ҳамда қўпол камчилик ва хатоликларга йўл қуйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилганлигига тўхталиб ўтди.
Жойлардаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан 2017 йил давомида Бандллик муносабатларига оид ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунлари юзасидан жами 2595 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган, жумладан телевидение ва радио, матбуот, газета, журналлар орқали чиқишлар, семинарлар ва давра суҳбатлари, очиқ эшиклар.
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи ўз тақдимотида “Электрон меҳнат ҳуқуқ инспектори” интерактив хизмати дастурининг афзалликлари ва қулайликлари ҳақида анжуман иштирокчилари ва журналистларга батафсил ёритиб берди.
Матбуот анжуманида телевидение ва радио, ОАВ, ижтимоий тармоқ вакиллари ва журналистларга меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар хусусида сўз юритилиб, журналистларнинг қизиқтирган саволлари ва мулоҳазалари юзасидан атрофлича ва батафсил жавоб берилди ва таклифлари юзасидан фиклар алмашиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги