Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон–Ҳиндистон ишбилармонлари бизнес-форуми

2018-02-23 | Иқтисодиёт

Ҳиндистоннинг кимё саноати ва ўғитлар давлат вазири Мансуҳ Мандавия бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доираларининг бизнес-анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг фармацевтика ва кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ҳиндистоннинг кимё саноати ва ўғитлар давлат вазири М.Мандавия ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга экани, ўзаро манфаатдорлик ва амалий ҳамкорлик тамойилларига асосланган ишонч ва ҳурмат руҳидаги алоқалар бугун барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот, 2017 йилда ШҲТнинг Остона саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви якунлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Бугунги кунда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш каби қатор соҳаларда яқин ҳамкорлик ўрнатилган. 

Ўзбекистон Ҳиндистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, транспорт ва сайёҳлик хизматлари, ўсимлик шарбатлари ва экстракти, кўнчилик хомашёси экспорт қилади. Ҳиндистондан Ўзбекистонга фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотлари, механик ва электрон ускуналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари импорт қилинади. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 323 миллион АҚШ долларидан ошди. 

Ўзбекистонда ҳинд тадбиркорлари сармояси иштирокида тузилган 100 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, фармацевтика соҳасида “Курамакс Медикал”, “Новафарм”, “Браво Фарм”, “Ультра Хелс Кеар” каби қўшма корхоналар тузилган. Мамлакатимизда Ҳиндистоннинг 16 компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. 

Форум доирасида меҳмонларга мамлакатимизда ишлаб чиқаришни эркинлаштириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, эркин ва кичик саноат зоналари, уларда инвесторлар учун яратилган солиқ имтиёзлари ва бошқа қулайликлар ҳақида маълумот берилди. Ҳиндистон фармацевтика ва кимё саноати компаниялари вакиллари мамлакатимизнинг шу соҳадаги салоҳияти билан ҳам атрофлича таништирилди. 

Юртимизда 1100 дан ортиқ турдаги доривор ўсимлик мавжуд. Улардан 1 минг 400 дан зиёд хилдаги дори-дармон ишлаб чиқарилаётир. Олимлар янги препаратлар яратиш устида изланмоқда. Бу ишлаб чиқарувчиларни кўпайтириш, маҳаллий препаратлар тайёрлашни кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. 

– Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигида фармацевтика тармоғи алоҳида ўрин тутади, – деди М.Мандавия. – Ушбу ташрифдан мақсад фармацевтика саноатини янада ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, биргаликдаги илмий-тадқиқот ишларини ташкил этишдан иборат. Бизнес-форум келажакдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш имконини бергани билан муҳим аҳамиятга эга. 

Анжуманда фармацевтика ва кимё саноати соҳасидаги алоқаларни фаоллаштириш, шу орқали савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, Ҳиндистон компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться