Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодиёт базавий тармоқларидаги лойиҳа ишларини ҳамда муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2018-02-23 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республика иқтисодиёти базавий тармоқларидаги лойиҳалаш ишларининг ҳолати ихтисослаштирилган лойиҳа институтларида малакали муҳандис-лойиҳаловчиларнинг етишмаслигидан, ушбу соҳада ишларни ташкил этиш замонавий инновацион усулларнинг жорий этилиши лозим даражада эмаслигидан ва бунинг оқибатида ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳужжатлари сифатининг паст эканлигидан далолат бермоқда.
Натижада инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришда чет эл инжиниринг компаниялари иштирокига кучли муҳтожлик юзага келди, бу эса кўрсатиладиган хизматларга ҳақ тўлаш учун катта миқдорда валюта маблағлари сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Кадрлар тайёрлашнинг амалдаги тизими ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг битирувчиларини лойиҳа институтлари ва инжиниринг ташкилотларининг фаол ишлаб чиқариш фаолиятига тез жалб қилиш имконини бермаяпти. Ёш мутахассислар технологик тизимларни лойиҳалаш, конструкторлик ҳужжатларини тайёрлаш ва лойиҳаларни бошқаришнинг бошланғич кўникмаларига эга эмас.
Иқтисодиёт базавий тармоқларида инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш борасида асосий пудратчи ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти (кейинги ўринларда “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти деб юритилади) ходимлари сонининг чекланганлиги ишларни ташкил этишнинг замонавий инновацион усулларини самарали жорий этиш ва муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш имконини бермайди.
Лойиҳа ишлари сифати ва уларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Иқтисодиёт базавий тармоқларидаги лойиҳа ишларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
лойиҳалаш ва лойиҳани бошқариш соҳасида муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, чет эл таълим муассасаларидан ва инжиниринг компанияларидан етакчи мутахассислар ва муҳандис-лойиҳаловчиларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш;
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Навоий давлат кончилик институти (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари) талабалари иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари ва лойиҳа институтларида (кейинги ўринларда – лойиҳа институтлари) мажбурий стажировкадан ўтиш амалиётини жорий этиш, шунингдек, уларда амалий машғулотлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда лойиҳа ишларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда чет эл инжиниринг компаниялари хизматлари ўрнини босқичма-босқич эгаллаш;
мамлакатимиз муҳандис-лойиҳаловчиларини ва бошқа мутахассисларни лойиҳалашнинг замонавий стандартларига амалий ўргатиш мақсадида иқтисодиёт базавий тармоқларининг объектларида контрактлар бўйича лойиҳалаш ишларини амалга ошираётган чет эл инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳа институтларида лойиҳа гуруҳлари ташкил этилишини амалиётга жорий қилиш;
лойиҳа ишларини сифатли бажариш учун лойиҳа институтларини зарур замонавий ташкилий техника ва асбоб-ускуналар, хорижий илмий-техник адабиётлар, жаҳондаги ихтисослаштирилган нашрлар маҳсулотлари, шунингдек, илғор дастурий маҳсулотлар билан жиҳозлаш.
2. Белгилансинки, “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти иқтисодиёт базавий тармоқларида лойиҳалаш ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, шунингдек, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари, иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари ва лойиҳа институтлари ўртасида юқори малакали муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилувчи орган ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий, шу жумладан чет эл таълим муассасаларининг лойиҳалашга доир амалдаги ўқув дастурларини ўрганиш асосида:
2018/2019 ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг иқтисодиёт базавий тармоқларининг объектларини лойиҳалаш соҳасидаги янги малака талабларини, ўқув режаларини ва дастурларини ҳар томонлама таҳлил қилсин ва улар устидан мониторинг ўтказсин, шунингдек, уларни янада такомиллашириш бўйича чоралар кўрсин;
ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг ўқув режалари
ва дастурларига, шу жумладан ушбу қарор 1-бандининг учинчи хатбошисида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳани бошқариш ва лойиҳалаш асослари бўйича дарсларни киритсин;
ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларини лойиҳани бошқариш ва лойиҳалаш асослари бўйича янги авлод ўқув адабиётлари билан таъминлашга доир, мазкур муассасалар талабалари учун муаллифлик машғулотлари ва мастер-класслар ўтказиш учун чет эл тадқиқот, таълим муассасалари ва инжиниринг компанияларидан етук мутахассислар ва муҳандис-лойиҳаловчиларни жалб қилишга доир амалий чора-тадбирлар режасининг амалга оширилишини таъминласин;
“ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институтига ва лойиҳа институтларига ихсисослаштирилган олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан иқтидорли муҳандис-лойиҳаловчиларни танлаб олишда мунтазам амалий кўмаклашсин.
4. Иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари – инвестициявий ва инфратузилмага оид лойиҳалар буюртмачиларига хорижий инжиниринг компаниялари ва пудратчилар билан тузилган шартномаларга лойиҳалаштириш институтларида мазкур қарорнинг 1-банди бешинчи хатбошисида белгиланган лойиҳа гуруҳларини тузиш бўйича шартларни киритиш тавсия этилсин.
Белгилансинки, лойиҳа гуруҳлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасидаги норезидент доимий муассаса мақомисиз амалга оширади.
5. Лойиҳа институтларига қуйидагилар рухсат этилсин:
чет эллик юқори малакали мутахассисларни тўғридан-тўғри фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида лойиҳа ишларини бажаришга жалб этиш ва уларга халқаро амалиётда қабул қилинган нарх ва миқдорларга мувофиқ хақ белгилаш;
хорижий ташкилотлар ва мутахассислар билан ишлаганда ҳар қандай техник ва тижорий ҳужжатлар ва ахборотдан биргаликда фойдаланиш, бундан давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат маълумотлар мустасно.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси халқаро ва хорижий молия институтларининг:
“ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти ва бошқа лойиҳа институтларининг муҳандис-лойиҳаловчиларини, шунингдек, ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркибини лойиҳа бошқаруви ва лойиҳалаштиришнинг замонавий усулларига ўқитиш, уларнинг етакчи хорижий олий ўқув юртларида, лойиҳа институтларида, ишлаб чиқариш ва инжиниринг компанияларида тажриба орттириши ва малакасини оширишини ташкил этишга;
лойиҳа ишларини сифатли бажариш учун лойиҳа институтларини зарур замонавий ташкилий техника ва асбоб-ускуналар, хорижий илмий-техник адабиётлар, жаҳондаги ихтисослаштирилган нашрлар маҳсулотлари, шунингдек, илғор дастурий маҳсулотлар билан жиҳозлашга йўналтирилган грантларини доимий асосда жалб этсин.
7. Белгилансинки, “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига киради.
8. “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институтининг бошқарув, ишлаб чиқариш ва техник ходимлари сони 300 бирликдан иборат янгиланган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти директорига:
Институт штат жадвалини мустақил равишда тасдиқлаш ва унга ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартишлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари билан келишиб, зарур ҳолларда Институт ходимлари сони ва тузилмасига ўзгартиш киритиш ҳуқуқи берилсин.
9. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари, лойиҳа институтлари ва инвестициявий лойиҳалар буюртмачиларининг буюртмасига асосан ўрнатилган тартибда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва мутахассисларига, шу жумладан улар оила аъзоларига кириш визаларини консуллик йиғимларини олмасдан расмийлаштиришни таъминласин, таклиф этаётган томон тўлайдиган амалий харажатларни қоплашга доир йиғимлар бундан мустасно.
10. Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари, лойиҳа институтлари ва инвестициявий лойиҳалар буюртмачиларининг буюртмаларига асосан етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва инжиниринг компаниялари мутахассисларига, шу жумладан улар оила аъзоларига давлат божларини ундирмай ўрнатилган тартибда кўп марталик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишни таъминласин.
11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари, лойиҳа институтлари ва инвестициявий лойиҳалар буюртмачиларига республикага юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этишга рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар берилишини таъминласин.
12. “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институтининг янгиланган низомини бир ой муддатда тасдиқласин;
ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари билан биргаликда уч ой муддатда магистратуранинг иқтидорли талабаларини рағбатлантириш ва мотивациялаш, уларни “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти ва бошқа лойиҳа институтларига ишга қабул қилиш дастурини тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 22 февраль
Манба: ЎзА