Мамлакатимизда 50 дан ортиқ компания ва корхона реклама ва маркетинг соҳасида фаолият юритади. Улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ва кўрсатадиган хизматлар турли ташкилот ва идоралар эътиборини тортмоқда. Бундай талаб ва эҳтиёж компания ва корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда рақобат кучайишига кенг йўл очиши табиий ҳолдир. Тегишли талабларга мувофиқ, пухта ишлаб чиқилган маркетинг стратегияси бу жараёнда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Компанияларнинг реклама ва маркетинг соҳаси равнақи учун ишлаб чиқилган стратегияси замирида маҳсулот ва хизмат турлари намойиши энг муҳим жиҳатдир. "Миллий маркетинг маркази" корхоналар уюшмаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида анъанавий ташкил этилаётган ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йил 26 февраль куни ушбу ҳафталик доирасидаги тадбирлар бошланади. Унинг давомида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани, маҳорат дарслари, “Сайёҳлик маҳсулоти маркетинги” мавзуида тадбир, маркетинг ва рекламалар кўргазмаси, маркетингга доир конференция ҳамда реклама танлови бўлиб ўтади. Тадбирлар Миллий матбуот маркази, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, «GroundZero» бизнес маркази ва «International» меҳмонхонаcида ўтказилади.
– Барча соҳаларда бўлгани каби реклама ва маркетинг имкониятларини кенгайтиришда ўзаро ҳамкорлик, янги ғоя ва ишланмалар бўйича танловлар, маҳсулот ва хизмат турлари намойиши катта аҳамият касб этади, – дейди "Миллий маркетинг маркази" корхоналар уюшмаси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов. – Шу маънода, ҳафталикнинг асосий ва муҳим вазифаси реклама ва маркетинг соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришда назарий ва амалий кўмак беришга қаратилган. Ҳафталик доирасида ўтказиладиган конференцияда 38 нафар хорижий ва маҳаллий эксперт маркетинг ва рекламанинг амалий жиҳатларига бағишланган долзарб мавзулардаги ғоялари ва тажрибаси билан ўртоқлашади.
Ҳафталикнинг маркетинг ва реклама кўргазмаси намойишида 20 дан ортиқ компания ва корхона иштирок этади.
– ADWEEK ҳафталиги компания ва корхоналар ишини ҳар жиҳатдан намунали ва талаб даражасида ташкил этишда билим ва тажриба мактаби бўлмоқда, – дейди “Зийнат дизайн” МЧЖ раҳбари Шерзод Эркабоев. – Чунки ҳафталикда соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ёки хизмат турлари билан батафсил танишиш имкониятига эга бўламиз. Биз биноларнинг ташқи ва ички дизайни билан шуғулланамиз. Ўтган йилги иштирокимиз бир қанча музейлар билан ҳамкорлик қилиш имконини берди.
Ҳафталикнинг яна бир муҳим тадбири 2 март куни ўтказиладиган реклама танлови якунидир. Унда иштирок этувчиларнинг ҳужжатлари 2017 йил 5 октябрдан 2018 йил 31 январгача қабул қилинган эди. Маълумотларга кўра, танловга мамлакатимиздаги 52 компания, корхона мутахассислари ва 8 олий таълим муассасаси талабалари ижодий ишларини топширган. Тадбирда “Реклама соҳасидаги ютуқлари учун”, “Реклама соҳасидаги хизматлари учун” ва “Рекламани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади. Бу ҳақдаги батафсил маълумотларни AfishaMedia томонидан махсус ишлаб чиқилган AfishaEvents қайд этиш майдончаси ва www.adweek.uz сайтидан олиш мумкин.
Мухтасар айтганда, ADWEEK ҳафталиги мамлакатимизда жадаллик билан ривожланиб бораётган реклама ва маркетинг соҳасининг такомиллашуви, бу йўналишда иш юритадиган компания ва корхоналар барқарорлигини таъминлаш баробарида уларнинг ходим ва мутахассисларини янги-янги ғоя ва ижодий изланишларга чорлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА