Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Геология соҳасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди
2018-02-22 | Жамият
Бугунги кунда Ўзбекистон олтин, уран, мис каби бир қатор фойдали қазилмалар захиралари бўйича дунёнинг етакчи ўн давлати қаторига киради.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳисобига мўлжалланган 7 янги кон ўрнига жами 26 та кон: 14 та ерости суви, 5 та олтин, 3 та кварц, 1 тадан темир рудаси, вольфрам, сланец, глауконит конлари саноатда ўзлаштиришга тайёрланган.
Тадбирда Қўмита томонидан истиқболда амалга ошириладиган ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.
2018-2019 йилларда 25 турдаги фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш ва геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳисобига 50 та янги кон саноатда ўзлаштиришга тайёрланади. Уларнинг 22 таси олтин, 3 таси уран, 2 таси рангли металл ва ҳар хил норуда фойдали қазилмалардир.
Қўмита раиси ўринбосари А.Мавлоновнинг таъкидлашича, тизимда ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона марказлашган назорат тизимини амалга оширувчи янги инспекция ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Жорий этиладиган янги тартибга кўра, лицензия олишда тадбиркорларга қулай бўлиши учун талаб этиладиган ҳужжатлар ҳудудларнинг ўзида қабул қилинади. Илгаригидек, йил бошидаги очиқ савдолар кутилмайди, 20 кун ичида лицензия олиш имкони яратилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 апрелидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ер ости сувларидан фойдаланиш учун рухсатномалар бериш вазифаси ҳам Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Натижада тадбиркорлар икки идорага эмас, тўғридан-тўғри Қўмитанинг ҳудудий гидрогеология станцияларига мурожаат қилиб, 10 кун ичида рухсатномага эга бўлади.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилаётган Қўмита маълумотлар базасининг бошқа ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари базалари билан электрон боғланиши ва маълумотлар алмашуви натижасида ерости бойликларидан фойдаланиш соҳасида рухсатномалар бериш жараёни тезлашади.
Анжуманда малакали кадрлар тайёрлаш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: ЎзА