Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ситора Ҳамидова олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

2015-04-30 | Спорт

Польшада енгил атлетика бўйича ўтказилган халқаро марафонда сурхондарёлик Ситора Ҳамидова мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шу йил Хитойда ўтказиладиган жаҳон чемпионати ва 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Шу муносабат билан Термиз темир йўл вокзалида Ситора Ҳамидовани тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди ва унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчи ёшлар ҳамда енгил атлетикачининг яқинлари иштирок этди.

Маросимда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, барпо этилаётган замонавий болалар спорти иншоотлари ёшларимизнинг иродасини тоблаб, ўз кучи ва имкониятига ишонч, Ватанга муҳаббат туйғусини янада мустаҳкамлашга, уларни ҳар томонлама соғлом вояга етказишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган уч босқичли узлуксиз спорт ўйинлари – "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод", Универсиада мусобақалари ёш авлоднинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда.

Мустақиллик йилларида Сурхондарё вилоятида 124 замонавий болалар спорти иншооти барпо этилди, реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Айни пайтда уларда 45 мингга яқин ўғил-қиз спортнинг ўттиздан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Спортнинг бошқа турлари қатори енгил атлетиканинг ҳам жадал ривожланаётгани воҳа ёшларининг турли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритишида муҳим омил бўлаётир.

Спортчиларимизнинг жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бунга Ситора Ҳамидова қўлга киритаётган ютуқлар яққол мисолдир. Ўн тўрт ёшидан енгил атлетикага меҳр қўйган Ситора Термиз шаҳридаги 6-умумтаълим мактабини тугатиб, Термиз олимпия захиралари коллежида таълим-тарбия олди. 2012 йили Термиз давлат университетининг жисмоний маданият факультетини муваффақиятли тамомлади.

– Шу йилларда у "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод", Универсиада мусобақаларида ғолибликни қўлга киритди, – дейди вилоят енгил атлетика федерацияси ижрочи директори Баҳром Ҳамроев. – Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, деган юксак шарафга сазовор бўлди.

Энди 25 ёшни қаршилаётган Ситора айни пайтда Термиз шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёш авлодга енгил атлетика сирларини ўргатмоқда.

С.Ҳамидованинг Польшада ўтказилган халқаро турнирда эришган муваффақияти юртимизда салоҳият ва истеъдод бобида ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлод вояга етаётганини яна бир марта намоён қилди.

–Жаҳоннинг кучли енгил атлетикачилари билан бир сафда югураётганимда юртдошларимнинг мени олқишлаб турганини ҳис этдим, – дейди С.Ҳамидова. – Биз эришаётган муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида ёшлар учун яратиб берилаётган кенг шароит ва имкониятлар самарасидир.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.

Манба: ЎзА

Поделиться