Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Бухоро шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди
2018-02-17 | Сиёсат
Президентимизнинг ўтган йилги ташрифидан сўнг Бухоро вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги уй-жойлар, йўлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, маданият ва спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу борадаги ишлар бугун ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бухоро шаҳридан Когон шаҳригача бўлган йўлнинг икки четида арзон кўп қаватли уй-жойлар барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу уй-жойлар қурилиш участкасида бўлди.
Ўтган йили май ойида бошланган қурилиш ишлари 27 та пудрат ташкилотлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу 39 та кўп қаватли турар жой битгач, 1024 та оила ўз уйига эга бўлади. Шу пайтгача шаҳарда бунча кўп қаватли уй қурилмаган. Уйларни жорий йил март ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Турар жойларни тез ва сифатли қуриш, бунда замон талаблари ва аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш, барча ижтимоий-маиший шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу ерда Бухоро шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Улардан бири - Ислом Каримов кўчаси қиёфасини ўзгартириш лойиҳасидир. Унга мувофиқ, кўчанинг икки томонида замонавий бинолар, яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари ва бошқа объектлар барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ибн Сино, Айний, Ҳамза, Иқбол ва бошқа кўчаларда кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, маиший хизмат объектлари барпо этилмоқда. Бу аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз лойиҳаларни такомиллаштириш, сифат ва муддатга амал қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти