Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Россия ёшлари иккинчи форуми иштирокчилари, Россия Федерацияси вакиллари 14 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Когон шаҳридаги “Бухоро” темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Меҳмонлар дастлаб, Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази билан танишди. Бу ерда улар ташрифи шарафига ўзбек ва рус халқлари миллий қўшиқлари, мусиқалари янгради.
Мамлакатимизда жамиятнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, уларда ижтимоий дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил декабрь ойида фойдаланишга топширилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши жойлашган Ёшлар маркази ҳам ана шу эътибор самарасидир.
Бу ерда нафақат вилоят кенгашининг фаолият кўрсатиши, балки ёшларнинг қобилиятини юзага чиқариш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча қулайлик яратилган. Марказда рус ва инглиз тилларини ўрганиш, рақс, анъанавий хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, шахмат ва шашка тўгараклари, инклюзив таълим, мактабгача таълим, робототехника, қизларни оилага тайёрлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтда уларда 100 дан зиёд ёшлар шуғулланмоқда.
Бу ердаги шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Марказда кўрганларимиз Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган эътибор кўлами нақадар кенглигини ҳис этиш учун етарли бўлди, – дейди Москва авиация институти ўқитувчси Т.Романишина. – Очиғи, жуда ҳавасим келди. Бу ердаги шароитлар шуғулланувчилар орасида истеъдодли, интеллектуал салоҳияти юксак болалар камол топишига кўмаклашиши, шубҳасиз. Кези келганда шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ ўтказилган Ўзбекистон – Россия ёшлари иккинчи форумида биз таълим, туризм соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишдик. Ҳар икки томон учун фойдали бўлган бу ҳамкорлик доирасидан Бухоро ҳам ўрин олади.
Биз меҳмонлардан бирини шахмат ва шашка тўгараги хонасида бир неча бор кўрдик. У Москва давлат университети тарих факультети талабаси Антон Лившиц экан.
– Шахматга болалигимдан қизиқаман, – дейди у. – Лекин мазкур тўгаракда шуғулланаётган 9 ёшли Аваз Убайдуллаев билан шунчаки дона сурай, деб хато қилибман. Юртдошларим олдида мени осонгина мағлубиятга учратди. У вилоят ва халқаро турнирлар совриндори экан. Сизларга интервью бериш учун эмас, аслида ёш рақибимни яна бир бор табриклагани киргандим бу ерга.
Россиялик меҳмонлар ташриф дастуридан қадимий осори-атиқаларга бой Бухоро шаҳри ўрин олганидан мамнун эди. Улар Арк қўрғони, Пойи Калон, Лаби ҳовуз мажмуалари ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишгач, бу шаҳарга яна албатта келишини таъкидлашди.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА