Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ким Донг Ён ўзбекистонлик талабаларга маъруза ўқиди
2018-02-15 | Жамият
Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида пойтахтимиздаги саккиз олий ўқув юртидан келган талабаларга маъруза ўқиди.
Маърузада Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, давлат ташкилотлари ва муассасалари, маҳаллий корхоналар вакиллари ҳам иштирок этди.
Ким Донг Ён ёш авлоднинг сифатли таълим олиши ва профессионал кўникмаларни эгаллаши ғоят муҳим бўлиб, улар ёшларнинг келгусида ишга жойлашиши ва шахсий салоҳиятини рўёбга чиқаришида улкан аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Жанубий Корея таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ушбу тизимга жорий этилган ахборот-коммуникация технологиялари хусусида сўзлаб берди.
Маъруза давомида Ким Донг Ён Жанубий Корея иқтисодиётининг барча соҳаларига фаол татбиқ этилаётган инновациялар аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Жамият ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун яратилаётган замонавий технологиялар имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритди.
Ким Донг Ён Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташрифи якунида мазкур олий ўқув юртининг фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.
Манба: ЎзА