Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида

2018-02-15 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жамоат тартибини сақлаш, авваламбор, вояга етмаган ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бузғунчи таҳдидларни барвақт аниқлаш бўйича якдил ҳаракатларни, уларни ҳамкорликда ва сифатли бартараф этилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ: 

1. Қуйидагилар Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини келгусида ташкил этишнинг устувор йўналишлари деб ҳисоблансин: 

биринчидан, тараққий этаётган пойтахт хавфсизлигининг гарови сифатида ҳаракатлар якдиллиги асосида барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг амалий механизмини жорий этиш; 

иккинчидан, «Жаҳолатга қарши маърифат» эзгу ғояси асосида ҳар бир маҳалла кесимида диний-экстремистик хусусиятга эга бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ва бартараф этишга, биринчи навбатда, экстремистик оқим мафкураси таъсири остига тушиб қолган шахсларни тузатишга алоҳида эътибор қаратиш; 

учинчидан, прокуратура органлари томонидан кундалик асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, шу жумладан, иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, аниқланган қонунбузарликлар, сунъий тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш; 

тўртинчидан, аҳолига энг яқин бўлган жойларда куч ва воситалар фаолиятини бевосита бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали тизимини яратиш мақсадида Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг амалдаги тузилмасини такомиллаштириш; 

бешинчидан, Тошкент шаҳар ички ишлар органлари шахсий таркибининг интеллектуал ва касбий даражасини ошириш, уларга қўшимча тадбир ва ишлардаги иштироки туфайли ортиқча вазифалар юкланишини бартараф этиш мақсадида соҳавий хизматлар ўртасидаги вазифаларнинг аниқ чегараларини белгилаш; 

олтинчидан, жиноятларга чоралар кўриш ва уларни фош этишда, биринчи навбатда, тезкорлик ва мувофиқлашган ҳамкорликни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси имкониятларидан кенг фойдаланишга йўналтириш. 

2. Тошкент шаҳридаги туман ички ишлар бошқармалари (бўлими) негизида туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда – секторлар) ҳудудлари доирасида куч ва воситаларни мақсадли тақсимлаган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари (кейинги ўринларда – мувофиқлаштириш бошқармалари) ташкил этилсин. 

Мувофиқлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш ва ташкил этиш, секторларга бўлиш тамойили асосида туман ҳудуди доирасида реал вужудга келган тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш; 

халқ билан манзилли мулоқотни, фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашишни, секторларга бириктирилган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан узвий ҳамкорликни ташкил этиш; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши, жамоат тартиби самарали сақланиши, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олиниши, содир этилаётган жиноятларга тезкор чоралар кўрилишини таъминлаш. 

3. Тошкент шаҳридаги шаҳар ички ишлар бўлимлари ички ишлар бўлимлари сифатида қайта ташкил этилсин ва улар зиммасига секторлар ҳудудларида жамоат тартиби сақланиши, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни амалга ошириш учун жавобгарлик юклатилсин. 

Ички ишлар бўлимлари раҳбарларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин: 

бириктирилган ҳудуд доирасида ички ишлар бўлими зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича мустақил қарорлар қабул қилиш; 

қўл остидагилар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, бириктирилган патруль-пост хизмати нарядларининг кундалик дислокациясини белгилаш; 

бириктирилган ҳудуддаги тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳамда фавқулодда вазиятлар юзага келганда ички ишлар бўлими куч ва воситаларини жойлаштиришни амалга ошириш. 

4. Қуйидаги лавозимлар киритилсин: 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси (кейинги ўринларда – Бош бошқарма) бошлиғи, унга жамоат тартибини самарали сақлашни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг барча ички ишлар органлари фаолиятини, шу жумладан, бириктирилган куч ва воситаларни мувофиқлаштириш ҳуқуқи берилсин; 

Бош бошқарма бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – профилактика инспекторларининг, энг аввало, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги самарали фаолиятини ташкил этиш, ушбу йўналишда барча соҳавий хизматларнинг ўзаро мувофиқлашган ҳамкорлигини таъминлаш учун жавобгар; 

мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси – жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида катта амалий иш тажрибасига ҳамда ушбу органлар тизимида обрў ва ҳурматга эга бўлган ички ишлар органларининг пенсионерлари орасидан жамоатчилик асосида жамланади ва унга тўланаётган пенсиясининг 30 фоизи миқдорида бюджет маблағлари ҳисобидан ойлик устама ҳақ белгиланади. 

5. Қуйидагича тартиб ўрнатилсин: 

а) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи: 

ҳар ўн кунда Тошкент шаҳар аҳолиси билан пойтахт ички ишлар органлари фаолияти масалалари бўйича маҳаллий телеканаллар эфирларида махсус кўрсатувларни бериб бориш орқали очиқ мулоқотни ўтказади; 

ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади; 

б) мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқлари ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари эса ҳар ойда Тошкент шаҳри туманлари халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида ҳисобот берадилар, бунда улар томонидан юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, шунингдек, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади; 

в) ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳар ойда аҳоли олдида бириктирилган ҳудудларда, ҳар олти ой давомида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи барча оилаларни қамраб олган ҳолда, улар томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида қабул қилинаётган чоралар юзасидан ҳисобот берадилар; 

г) ички ишлар бўлимларининг профилактика инспекторларига: 

хизмат ўташ вақтида агарда бириктирилган ҳудудда тезкор-профилактик хизмат кўрсатилмай қолишига олиб келадиган бўлса, ҳудудни ташлаб кетишга рухсат берилмайди; 

уларга юклатилган вазифаларни бажариш учун, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда республика миқёсида бир-бирларига ижро этилиши мажбурий бўлган, тадбирларни ўтказиш ва маълумот тўплаш бўйича топшириқлар бериш ҳуқуқи берилади. 

6. Белгилансинки: 

ички ишлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари устуворлик асосида профилактика катта инспекторлари орасидан жамланади; 

интизомий жазо чораси сифатида ёхуд бошқа салбий ҳолатларга кўра, ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан ўтказилаётган ходимларни Тошкент шаҳри профилактика инспекторлари лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди; 

Тошкент шаҳри профилактика инспекторлари лавозим бўйича бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар йиғини кенгашлари таркибига киради; 

янги тайинланган Тошкент шаҳри профилактика инспекторларини маҳалла фуқаролар йиғини олдида таништириш мажбурий тартибда туман ҳокими ва прокурори, мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи томонидан амалга оширилади; 

Тошкент шаҳри профилактика инспекторларининг ҳудудлараро ротацияси фақатгина Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Бош бошқарма бошлиғи билан келишилган ҳолда амалга оширилади; 

Бош бошқармага хизматга, истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни танлаш ва қабул қилишга рухсат берилади. 

7. Тошкент шаҳри ички ишлар органлари профилактика инспекторлари зиммасига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалар билан бир қаторда, қуйидагилар ҳам юклатилсин: 

бириктирилган ҳудудда истиқомат қилувчи шахсларни ўрганиш ва келгусида уларнинг ҳар бирига ғайриижтимоий ёки бошқа ҳуқуққа хилоф хулқ-атвор эҳтимоли нуқтаи назаридан индивидуал ташхис қўйиш ҳамда профилактик аҳамиятга эга таъсирчан чораларни кўриш; 

маҳаллада криминоген вазиятни яхшилашнинг энг муҳим омили сифатида бириктирилган ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилган чораларни амалга ошириш. 

8. 2018 йил 1 апрелдан қуйидагилар амалиётга жорий қилинсин: 

ички ишлар бўлимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолашни ўтказиш ва бунда юқори натижаларга эришган ички ишлар бўлимларини, шу жумладан, уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш, шунингдек, юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлик учун жазо чораларини назарда тутиш;

Бош бошқарманинг «102» ягона телефон рақами бўйича келиб тушаётган жиноятлар тўғрисидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларни терговга қадар текширув якунлари бўйича қабул қилинадиган жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш; 

ички ишлар бўлимларида ўтказиладиган йўриқнома беришда Тошкент шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг кундалик иштирок этиши. 

9. Бош бошқарма Матбуот хизмати Бош бошқарма Ахборот мультимедиа маркази (кейинги ўринларда – Мультимедиа маркази) этиб қайта ташкил этилсин, унинг асосий вазифалари этиб ўз ичига қуйидагиларни қамраб олувчи материалларни ижодий ёндашув асосида тайёрлаш ҳамда кунлик эфирга узатишни, шу жумладан, Интернет тармоғига жойлаштиришни таъминлаш белгилансин: 

Тошкент шаҳрида содир этилган, айниқса, жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги холис маълумотлар; 

жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари иш жараёни ва эришилган натижалар ҳақидаги маълумотлар; 

ички ишлар органлари фаолиятини обрўсизлантирадиган ишончсиз ва нотўғри маълумотларга раддия бериш. 

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан: 

Мультимедиа маркази ходимларига лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади; 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Бош бошқарма бошлиғига Мультимедиа марказига мутахассислар (мухбир, оператор, видеомонтажчи, IT-мутахассис, студия-аппарат мажмуаси муҳандиси ва бошқалар)ни меҳнат бозорининг амалдаги конъюктурасини ҳисобга олиб, тўлов миқдорини белгилаган ҳолда шартнома асосида ишга жалб этиш ҳуқуқи берилсин. 

10-19. Махфий. 

20. Тошкент шаҳар ҳокимлиги: 

а) туманлар секторлари раҳбарлари билан биргаликда бир ҳафталик муддатда ушбу қарорга мувофиқ секторларга ички ишлар бўлимлари бириктирилишини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларнинг тақсимланиши чегаралари қайта кўриб чиқилишини таъминласин; 

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда: 

ички ишлар бўлимларини кенгайтириш ва моддий-техник жиҳозлаш, шу жумладан, янги ташкил этилаётганларини жойлаштириш, шунингдек, хизмат ўташнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш; 

Тошкент шаҳрининг йирик бозорлари ва савдо мажмуаларида ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин; 

в) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ички ишлар бўлимлари ходимларини, биринчи навбатда, профилактика инспекторлари ва тезкор вакилларини мақсадли дастурий таъминот ўрнатилган ва ички ишлар органлари электрон ахборот тизимларининг маълумотлар базаларига уланган хизмат уяли телефонлари (планшетлар) билан босқичма-босқич таъминласин; 

г) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат солиқ хизмати, санитария-эпидемиология назорати, соғлиқни сақлаш ва давлат ветеринария хизмати бўлинмаларининг Тошкент шаҳри бозорлари ва савдо комплексларида хизмат олиб бориш тартибини, уларнинг фаолиятини шартнома асосида ташкил этиш имкониятини назарда тутган ҳолда, тубдан қайта кўриб чиқсин. 

21. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда тизимли равишда инновацион педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда қуйидагиларни ташкил этсин: 

а) мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ва ички ишлар бўлимлари бошлиқлари учун уларнинг бошқарув фаолиятидаги маҳоратини оширишга ҳамда ишни замонавий талаблар асосида ташкил этишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курслари; 

б) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда Тошкент шаҳар ички ишлар органлари профилактика инспекторларини махсус касбий тайёрлаш бўйича икки ойлик курслари: 

ўқув машғулотларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида катта иш тажрибасига эга бўлган ходимларини жалб қилиш; 

профилактика инспекторларига махсус касбий тайёргарлик курсларини ўтаганлиги тўғрисида сертификатлар бериш: 

махсус касбий тайёргарлик курслари якунлари бўйича имтиҳонларни қониқарсиз топширган профилактика инспекторларини эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш; 

в) Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети негизида Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларида энг янги, шу жумладан, «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексидан самарали фойдаланиш имконини берувчи ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган махсус ўқув дастурлари. 

22. Қуйидагиларга: 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Бош бошқарма бошлиғига
 – амалий бошқарув қарорларини қабул қилиш, таҳлил фаолиятини сифатли ташкил қилиш, мувофиқлаштириш бошқармалари иши самарадорлигини тизимли баҳолаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида қабул қилинадиган чоралар назорати учун; 

мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқларига – зиммаларига юклатилган бошқарув ва мувофиқлаштириш функцияларини сифатли ва тўлиқ амалга ошириш, куч ва воситаларни, шу жумладан, бириктирилган туман ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматларини мақсадли тақсимлаш ва фойдаланиш учун; 

ички ишлар бўлимлари бошлиқларига – энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси соҳасида кўрилаётган чораларнинг якуний натижалари, қўл остидаги шахсий таркиб билан самарали тарбиявий ишларни олиб бориш, уларнинг олдига вазифаларни тўғри қўйиш ва зиммасига юклатилган хизмат вазифаларининг кундалик бажарилиши устидан таъсирчан назорат учун шахсий масъулият юклатилсин. 

23. Ички ишлар вазирлиги: 

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида «Жамоат тартибини сақлашда фуқароларнинг иштироки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин; 

б) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ой муддатда қуйидаги чораларни кўрсин: 

Бош бошқарманинг «102» ягона телефон рақами бўйича келиб тушаётган жиноятлар тўғрисидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларни терговга қадар текшириш якунлари бўйича қабул қилинадиган жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш; 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан шакллантириладиган жиноятчилик соҳасидаги статистик ҳисобот шаклларини ўзгартириш ва уларда аниқланадиган латент жиноятларга ҳамда жиноятлар хусусиятлари ва уларни содир этиш жойи, шу жумладан, маҳалла ҳудуди кесимида ҳисобга олишга дифференциал ёндашувни назарда тутиш. 

24. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг, шунингдек, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин: 

Тошкент шаҳрининг туманларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат қилиш жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда – жамоатчилик кенгашлари)ни тузиш; 

жамоатчилик кенгашлари таркибини Тошкент шаҳри туманлари халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари раислигида маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, фан, маданият ва санъат вакиллари, машҳур спортчилар ва бошқа жамоатчилик вакиллари ҳисобидан шакллантириш; 

жамоатчилик кенгашларини маҳаллалар ва Тошкент шаҳри туманлари халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сонига мутаносиб равишда секторларга бириктириш. 

Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига бир ой муддатда жамоатчилик кенгашлари ишини ташкил қилиш тартиби, ваколатлари, уларнинг фаолиятини баҳолаш механизмлари ва мезонларни белгилаб берувчи Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат қилиш жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тавсия қилинсин. 

25. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги: 

икки ҳафта муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва уларнинг ички ишлар бўлимлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда ҳар бир соҳавий хизматнинг аниқ вазифа ва функцияларини, шунингдек, бошқарма ва бўлимлар бошлиқларининг ҳар бир ўринбосари ваколатлари ва жавобгарлигининг аниқ доирасини белгиласин; 

бир ой муддатда ички ишлар бўлимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чоралар самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

бир ой муддатда ички ишлар бўлимларининг секторлараро ва туманлараро, шу жумладан, республиканинг бошқа минтақаларидаги ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича уйғунлашган механизмни назарда тутувчи тартибни белгиласин; 

бир ой муддатда Тошкент шаҳар патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари нарядларининг ягона дислокациясини ички ишлар бўлимлари фаолият юритишини ҳисобга олган ҳолда танқидий қайта кўриб чиқсин; 

2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари фаолиятини мақсадли ўрганиб, улар ишини ташкил этиш бўйича илмий асослантирилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминласин; 

икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритсин, бунда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилсин; 

пиёдаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш маданиятини юксалтириш, шу жумладан, комплекс тушунтириш ишларини ўтказиш ва уларни ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортиш орқали таъсирчан чораларни амалга оширсин; 

икки ой муддатда мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари ходимларини босқичма-босқич табель ўқотар қуроли ўрнига қўллашнинг қатъий тартиби ва шартларини белгилаган ҳолда электрошок воситалари билан таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Бош бошқарма Ахборот мультимедиа марказини жойлаштириш, уни замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, кенг қамровли Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин. 

26. Белгилансинки, ушбу қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади. 

27. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мазкур қарор билан жорий этилаётган тизими самарадорлиги юзасидан тизимли мониторингни амалга оширсин ҳамда 2018 йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бундай амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича таклифлар киритсин. 

28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 февраль 

Манба: ЎзА

Поделиться